Экспертлар Европанинг 29 мамлакатида чикунгуня вируси тарқалиши хавфидан огоҳлантирди — The Guardian .
Глобал исишни ўрганаётган Британия экология ва гидрология маркази экспертлари шундай хулосага келди. Олимларнинг билдиришича, илгари чикунгуня фақат иссиқ мамлакатларда тарқалган, чунки уни иссиқликни яхши кўрадиган Аэдес чивинлари ташийди. Энди бундай чивинлар нафақат Африка, Осиё ва Американинг тропик минтақаларида, балки Европада ҳам тобора кўпроқ учрамоқда.
Маълумотларга кўра, чикунгуня беҳоллик ва бўғимларда кучли оғриқларни келтириб чиқаради. Вирус болалар ва кексаларда ўлимга олиб келиши мумкин. Касалликдан тузалганларнинг 40 фоизи беш йилдан кейин ҳам артритдан азият чекмоқда. Сўнгги йилларда чикунгуня билан касалланишнинг кам сонли ҳолатлари Европанинг 10 та давлатида қайд этилган.
The Guardian 2025 йилда Франция ва Италияда чикунгуня билан касалланишнинг юзлаб ҳолатлари содир бўлганини, Буюк Британия ва Германияда вирус ташувчи чивинлар топилганини, аммо ҳозирча касаллик авж олмаганини ёзмоқда.
Ҳозирги иқлим шароитида Испания, Португалия, Италия ва Грецияда чивинлар орқали чикунгуня билан касалланиш йилига 6 ойдан ортиқ давом этиши мумкин. Белгия, Франция, Германия, Швейыария ва Европанинг яна ўнлаб бошқа мамлакатларида эса бу хавф йилига 3–5 ой давом этади, деб олимлар огоҳлантирди.