Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 25 октябрь куни тунги вақтда “дарахтларнинг кесилганлик ҳолати” бўйича видео тарқалди. Экология вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси масъуллари томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилганда Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автобил йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута кесилгани аниқланди.
Экология инспектори томонидан ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённомалар расмийлаштирилиб, жами 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар ҳисобланди.
Шу билан биргаликда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти вазиятни шахсан ўз назоратга олди, атроф-муҳитга зиён етказган айбдор мутасадди шахсларга нисбатан қонунчилик нормаларига мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши маълум бўлди. Шунингдек, келгусида шаҳар ҳудудида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун вазирлик билан ҳамкорликда иш олиб борилишини таъкидланди. Маълумотларга кўра, инспекторлар томонидан тўпланган барча ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилишини таъминлаш учун Прокуратура органларига юборилган.
Бундан ташқари, ҳокимлик томонидан кесилган дарахтларнинг ўрнига 62,1 минг дона бута ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши маълум қилинган.