Бир вақтнинг ўзида ўтказилаётган икки саммитнинг асосий масаласи — Европа давлатлари Украинанинг келажаги ва қитъа хавфсизлигига оид қарорларга таъсир ўтказа оладими ёки йирик давлатлар уларнинг иштирокисиз келишувга эришадими?
Европа Иттифоқининг бир нечта таъсир воситалари мавжуд.
Биринчиси — Украинага ҳарбий ёрдам. Германия, Франция, Буюк Британия, Польша ва бошқа иттифоқчилар Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, дронлар ҳамда узоқ масофага зарба берувчи қуроллар етказиб беришни давом эттириши мумкин. Берлиндаги учрашув арафасида Лондон қарийб 312 миллион евролик янги ёрдам пакетини эълон қилди. Унга мингдан ортиқ узоқ масофага зарба берувчи дронлар ҳам киритилган.
Иккинчи муҳим омил — иқтисодий имкониятлар. Европа Иттифоқи улкан бозорга эга, Киевни молиялаштиришни давом эттириши, ўзининг ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши ва Россияга нисбатан иқтисодий босимни сақлаб қолиши мумкин. Бу олий даражадаги дипломатик учрашувлар каби кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо Украинанинг қаршилик кўрсатиш қобилияти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Учинчи масала — хавфсизлик кафолатлари. Берлинда ўт очиш тўхтатилган тақдирда Европа давлатлари қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олиши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда. Гап Россия томонидан эҳтимолий янги ҳужумнинг олдини олишга қаратилган кафолатлар ҳақида бормоқда.
Агар бундай келишувларга эришилса, Европа нафақат қурол-яроғ ва молиявий ёрдам етказиб берувчи, балки келажакдаги тинчлик келишувининг бевосита кафили сифатида ҳам майдонга чиқиши мумкин.
Европанинг асосий заиф томони эса — бирдамликнинг етишмаслиги. АҚШ, Россия ва Хитойдан фарқли ўлароқ, Европа ягона сиёсий марказга эга эмас. Қарорлар Европа комиссияси, Европа Иттифоқи Кенгаши ва позициялари Москвага нисбатан турлича бўлган 27 та аъзо давлат ҳукумати ўртасида келишилиши керак.