"Евроиттифоқ мамлакатлари апрел ойида жорий этилган тақиқни бекор қилиб, Россиядан сувсар мўйнасини импорт қилишни қайта тиклашга рухсат берди. Бу истисно ўтган ҳафтада келишиб олинган Москвага қарши янги санкциялар пакетига киритилди", — деб хабар беради Euractiv.
Еврокомиссия бу қарорни Россия жаҳон сувсар мўйнаси бозорида устун мавқега эга экани, шу сабабли европалик ишлаб чиқарувчиларда деярли муқобил етказиб берувчилар йўқлиги билан изоҳлади. Европалик дипломатнинг сўзларига кўра, ЕИда Россия сувсарининг асосий харидорлари бўлган Италия ва Греция ушбу истиснога эришишга ҳаракат қилган.
Нашрнинг қайд этишича, бу енгиллик фақат ишлов берилмаган мўйнага тегишли. Тайёр Россия мўйна маҳсулотларини Евроиттифоққа олиб кириш, шунингдек, бундай маҳсулотларни ЕИдан Россияга экспорт қилиш илгаригидек тақиқланган.
Қарор бутун Европа бўйлаб ҳайвонот фермаларини, шунингдек, мўйна импорти ва сотувини тақиқлаш бўйича муҳокамалар фонида қабул қилинди. Бироқ Еврокомиссия бу масала бўйича қарорни бир неча бор кечиктирди ва Euractiv ўрганиб чиққан ҳужжат лойиҳасидан кўринишича, тўлиқ тақиқ ўрнига ҳайвонларни боқиш талабларини кучайтириш томонига мойил бўлиб турибди.