133 йиллик тарихга эга дунёдаги энг қадимий фотокомпаниялардан бири бўлган АҚШнинг Eastman Kodak компанияси қарз юки туфайли ўз фаолиятини давом эттириш борасида "катта ноаниқлик"ни эълон қилди.
Компания ўзининг фойда ва зарар ҳисоботида қарийб 500 миллион доллар миқдоридаги қарз мажбуриятларига хизмат кўрсатиш учун "кафолатланган молиялаштириш ёки мавжуд ликвидлик"га эга эмаслигидан огоҳлантирган.
Ўзининг молиявий аҳволини яхшилаш чораларидан бири сифатида Kodak пенсия режаси бўйича тўловларни тўхтатмоқчи. Шу билан бирга, компания тариф чекловларининг бизнесга сезиларли таъсирини кутмаслигини таъкидлади, чунки асосий ишлаб чиқариш - камералар ва сиёҳлардан тортиб плёнкаларгача - АҚШда жойлашган.
Eastman Kodak 1892 йилда Нью-Йоркнинг Рочестер шаҳрида ташкил этилган. Юз йилдан кўпроқ вақт давомида компания фотоплёнка, камералар ва тегишли материалларни ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси бўлиб қолган. Компаниянинг “Сиз тугмачани босинг – қолганини биз қиламиз” шиори 20-аср оммавий суратга олиш тимсолига айланди.
1990 йилларнинг охирида рақамли технологияларнинг ривожланиши билан Kodak ўз бизнес моделини қайта тиклашга улгурмай, ўз етакчилигини йўқотди. 2012 йилда компания банкротлик тўғрисида ариза берди ва кенг кўламли қайта қуришни амалга оширди, уни 2013 йилда якунлади. Шундан сўнг у ўз фаолият йўналишларини диверсификация қилишга ҳаракат қилди: 2018 йилда у Kodakcoin криптовалютасини ишга туширишни эълон қилди, 2020 йилда эса фармацевтика бозорига чиқиш режаларини эълон қилди. Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, Kodak ўзининг аввалги мавқеини тиклай олмади.