Камерун президенти Поль Бийя ижтимоий тармоқдаги баёноти орқали 2025 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди. У мамлакат олдида турган жиддий муаммоларга урғу бериб, яна хизмат қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Бийя 1982 йилдан буён президент лавозимини эгаллаб келмоқда ва 92 ёшда. Унинг ҳокимиятда бўлиш муддати дунёдаги энг узоқ давом этаётганлардан бири ҳисобланади.
Камерундаги президентлик сайловлари 2025 йил 12 октябр кунига белгиланган. Сайлов бир турда ўтказилади ва энг кўп овоз олган номзод ғолиб деб топилади. Президентлик мандати муддати — 7 йил.
2008 йили Поль Бийя президентлик муддатига бўлган чекловни бекор қилган ва энди у чекловсиз қайта-қайта номзодини қўя олади.
У охирги марта 2018 йилдаги сайловларда иштирок этиб, 71,28% овоз билан ғолиб чиққан. Аммо оппозиция сайловда кўплаб қонунбузарликлар бўлганини билдирган эди.