Сан-Марино терма жамоаси атиги иккита ғалаба билан ЖЧ—2026 йўлланмасини қўлга киритиши мумкин, деб хабар беради “Sports.kz” сайти.
Аввалроқ FIFA рейтингида сўнгги, 210-ўринни эгаллаб турган жамоа сенсацион тарзда Миллатлар лигасида (Д) ўз гуруҳида ғалаба қозонганди. Бу натижа эвазига санмаринликлар энди Европа жамоалари учун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига иштирок этиш ҳуқуқини берадиган 16 та йўлланмадан бирига даъвогарлик қилмоқда.
Сан-Марино учун 2025 йилнинг март ойида бошланадиган саралаш турнирида Миллатлар Лигасининг 14 та гуруҳ ғолибларидан 10 нафари тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиши керак бўлади.
Бу жамоалар қаторига Испания, Германия, Португалия, Франция, Англия, Норвегия, Уэлс, Чехия, Руминия ва Швеция киради. Бу жамоалар қуръа ташлаш пайтида биринчи ва иккинчи саватчадан жой олади, бу эса уларнинг тўғридан-тўғри саралаш орқали Жаҳон чемпионатига чиқишларини осонлаштиради.
Агар юқоридаги барча жамоалар ЖЧ—2026 йўлланмасини қўлга киритса, у ҳолда Сан-Марино жамоаси Миллатлар Лигаси гуруҳларининг бошқа ғолиблари – Шимолий Македония, Шимолий Ирландия ва Молдова билан плей-офф ўйинлари орқали Жаҳон чемпионатига чиқиш учун кураша олади. Плей-офф ўйинлари 2026 йилнинг март ойи охирида бўлиб ўтади. Плей-оффда иккита ғалабага эришган жамоа турнирга йўлланма олади.
Сан-Марино дунёдаги энг кичик ва энг узоқ умр кўрувчи давлатлардан бири ҳисобланади. У Апеннин яриморолида жойлашган ва ҳар томондан Италия билан ўралган. Республика ҳудудида (61 км²) 35 мингдан сал кўпроқ аҳоли истиқомат қилади.
Сан-Марино терма жамоаси 1990 йилдан бери FIFAнинг тўлиқ аъзоси ҳисобланади. Жамоа ўз тарихида 211 та расмий ўйин ўтказган ва уларда бор-йўғи учтасида ғалаба қозонган. Уч ғалаба ҳам Лихтенштейн жамоасига қарши ўйинларда қўлга киритилган. Биринчи ғалаба 2004 йилнинг апрель ойида ўртоқлик учрашувида бўълган. Қолган иккитаси амалдаги Миллатлар Лигасида содир бўлди.
Анча вақтдан бери Сан-Марино термаси FIFA рейтингида энг қуйи поғонада, яъни расман дунёнинг энг кучсиз жамоаси ҳисобланади.