Бу ҳақда Стокголм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI)’нинг янги ҳисоботида маълум қилинди.
"2024 йил якунларига кўра, дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниясининг қурол-яроғ ва ҳарбий хизматлар сотишдан олган даромади 5,9 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 679 млрд долларга етди. 2015 йилдан буён SIPRI рейтингидаги компаниялар ҳарбий даромади 26 фоизга ўсган. Бу ўсишга Россиянинг Украинага қарши уруши ва Исроилнинг Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШда террористик ташкилот деб эътироф этилган ҲАМАС ҳаракатига қарши уруши ва бутун дунё бўйлаб арсеналларни кўпайтиришга бўлган интилиш сабаб бўлмоқда", дейилади ҳисоботда.
Глобал ўсишга асосий ҳиссани Европа ва АҚШ компаниялари қўшган бўлса-да, тенденция барча минтақаларда қайд этилган. Санкцияларга қарамасдан, рейтингдан ўрин олган Россия компаниялари даромади эса умуман олиб қараганда икки баравар ўсиш суръатларини кўрсатган.
SIPRI рейтингида қурол ишлаб чиқариш бўйича етакчиликни ҳали ҳам АҚШ компаниялари сақлаб турибди. Биринчи юзталикка 39 та Америка ишлаб чиқарувчиси киради. Уларнинг ҳарбий буюртмаларга боғлиқ даромади 3,8 фоизга ўсиб, 334 млрд долларга етган — бу рейтингдаги барча компаниялар жами даромадининг деярли ярмини ташкил қилади. Энг йирик Америка ва дунё компаниялари қаторида Lockheed Martin Corp, RTX ва Northrop Grumman Corp бор.