Дунёдаги энг кекса марафончи ҳиндистонлик Фаужа Сингх автоҳалокатда вафот этди. У 114 ёшда эди.
Бу ҳақда Hindustan Times нашри спортчининг биографига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Сингх ўз қишлоғида йўлни кесиб ўтаётганда номаълум автомобиль уриб кетган. Автомобиль эгаси воқеа жойидан қочиб кетган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, эркак душанба куни кечқурун касалхонада вафот этди.
Фаужа Сингх 1911 йил 1 апрелда туғилган. У беш ёшга тўлгунича юра олмади, улғайгач, ҳаваскор югурувчига айланди. Эркак Буюк Британияда 89 ёшида ушбу спорт тури билан жиддий шуғуллана бошлаган. Ҳиндистонда ва дунёда унга "салладаги торнадо" лақабини беришган.
2013 йилда Сингх 101 ёшга тўлганида 10 км марафонни 1 соат 32 дақиқа 28 сонияда босиб ўтди. Уч йилдан сўнг у Мумбайдаги пойгада қатнашди. 2023 йилдан бошлаб у ўзи югурмади, балки мусобақаларни томоша қилишни ёқтирарди.