Бугун 17 апрель, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Дунё яна хавф остидами? ЖССТ 'янги пандемия' ҳақида жиддий огоҳлантирди

Дунё яна хавф остидами? ЖССТ 'янги пандемия' ҳақида жиддий огоҳлантирди

ЖССТ директори "Кейинги пандемия" ҳақида огоҳлантириш берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебреэсус дунё дуч келадиган "кейинги пандемия" "назарий хавф" эмас, балки "эпидемиологик муқаррарлик" эканини таъкидлади.

Соғлиқни сақлаш ташкилотлари 2020 йилда COVID-19 глобал миқёсда миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб, иқтисодий ва сиёсий беқарорликни келтириб чиқарганидан сўнг, дунёни яна пандемия қамраб олишидан хавотирда.

Ўтган ойда Хитойда янги коронавирус аниқлангани ҳам хавотирларни кучайтирди.

Ҳозирда ЖССТга аъзо давлатлар пандемияларга глобал тайёргарлик ва жавоб чораларини такомиллаштириш учун ҳуқуқий восита сифатида ЖССТ Пандемия келишуви тўғрисида музокаралар олиб бормоқда.

Тедрос душанба куни ЖССТ пандемия келишуви бўйича ҳукуматлараро музокаралар органининг ўн учинчи йиғилишининг очилишида тайёргарлик масаласи ҳақида сўз юритди.

"COVID-19 пандемияси ҳозирда можаролар, геосиёсий ва иқтисодий тангликлар туфайли узоқ ўтмишдаги воқеадек туюлиши мумкин," - деди Тедрос.

"Аммо кейинги пандемия вазият тинчланишини кутиб ўтирмайди.

"Бу 20 йил ёки ундан кўпроқ вақтдан кейин юз бериши ёки эртага содир бўлиши мумкин. Лекин бу албатта юз беради ва қандай бўлмасин, биз бунга тайёр туришимиз шарт. Бу назарий хавф эмас, балки эпидемиологик ҳақиқатдир."

У Эбола ва Марбург вируси касалликларининг тарқалиши ҳамда паррандалар, қорамоллар, бошқа ҳайвонлар ва одамларда қуш гриппининг ёйилишини мисол қилиб келтирди.

Тедрос аъзо давлатларни "ЖССТнинг пандемия бўйича келишувини якуний нуқтага етказишга" ундади.

Унинг айтишича, ушбу келишув "ҳеч қандай аъзо давлатнинг суверенитетига путур етказмайди", аксинча "миллий суверенитетни ва халқаро ҳаракатларни мустаҳкамлайди".

Тедрос "соғлиқ - хавфсизлик масаласи" эканлигини таъкидлаб, COVID-19 пандемиясини "кўзга кўринмас душман" деб атади.

"Пандемия урушга қараганда кўпроқ одамлар ҳаётига зомин бўлиши ва каттароқ ижтимоий ҳамда иқтисодий тангликка олиб келиши мумкин, - деди у. - Дарҳақиқат, Биринчи жаҳон урушида тахминан 15-22 миллион киши ҳалок бўлган бўлса, 1918 йилдаги грипп пандемияси туфайли тахминан 50 миллион киши ҳаётдан кўз юмди - бу икки баробар кўп демакдир."

Киритилди: 21:06 08.04.2025. Ўқилди: 2770 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!