Бугун 17 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Дунё яна хавф остида: ЖССТ Эбола эпидемияси туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди

Дунё яна хавф остида: ЖССТ Эбола эпидемияси туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди

Бугунги кунда дунё аҳлини яна бир жиддий хавф ташвишга сола бошлади. Юқумли касалликларнинг тарқалиши халқаро ҳамжамият эътиборида турибди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Конго Демократик Республикасининг Итури провинциясида тарқалаётган Эбола эпидемиясини халқаро даражадаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Бу ҳақда "BBC" хабар берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда қарийб 246 нафар одам Эболага гумон қилинмоқда. Афсуски, мазкур хавфли касалликдан аллақачон 80 киши вафот этган. Шундай бўлса-да, ЖССТ эпидемия ҳозирча пандемия мезонларига жавоб бермаслигини таъкидлади. Ташкилот бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус инфекциянинг ҳақиқий кўлами ва географик тарқалиши бўйича жиддий ноаниқликлар мавжудлигини айтиб ўтди.

Шуниси хавотирлики, Эболанинг ҳозирги штамми Бундибугё вируси билан боғлиқ бўлиб, унга қарши тасдиқланган дори воситалари ёки вакциналар ҳали мавжуд эмас. Ҳозирча вируснинг саккизта ҳолати лаборатория томонидан тасдиқланган. Гумон қилинаётган бошқа ҳолатлар ва ўлимлар Итури провинцияси пойтахти Буниа ҳамда олтин қазиб олинадиган Монгулу ва Рвампара шаҳарларида қайд этилган.

Вазият фақат бир мамлакат билан чекланиб қолмаяпти. Вирус Конго Демократик Республикасидан ташқарига ҳам тарқалган. Қўшни Угандада икки нафар беморда Эбола тасдиқланди. Хусусан, 14 май куни вафот этган 59 ёшли эркакнинг тести ижобий натижа кўрсатган. Конго ДР билан чегарадош мамлакатларда аҳоли қатнови, савдо ва ўзаро саёҳатлар туфайли вируснинг янада кенг тарқалиш хавфи юқори деб баҳоланмоқда.

Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ЖССТ Конго ДР ва Угандага инфекция тарқалишини назорат қилиш, фавқулодда операциялар марказларини ташкил этиш ва профилактик чораларни кучайтиришни тавсия қилди.

"Вирус тарқалишини камайтириш учун касаллиги тасдиқланганлар зудлик билан изоляция қилиниши ва камида 48 соат оралиғида ўтказилган иккита Бундибугё вирусига тест манфий натижа кўрсатгунча даволаниши лозим", дейилади ЖССТ кўрсатмасида.

Киритилди: Бугун 13:57. Ўқилди: 184 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!