Бугун 21 август, 2026 йил, жума

O'ZB

Дональд Трамп Эронни қўллаб-қувватловчи давлатларни жиддий иқтисодий оқибатлардан огоҳлантирди

Дональд Трамп Эронни қўллаб-қувватловчи давлатларни жиддий иқтисодий оқибатлардан огоҳлантирди

АҚШ Президенти Теҳронни мисли кўрилмаган иқтисодий яккалаш режаси борлигини маълум қилди. Бироқ бу борада қандай аниқ чоралар кўрилишига ойдинлик киритмади. Унинг таъкидлашича, Эронга ҳар қандай шаклда ёрдам бериш имкониятини яратадиган давлатларнинг молиявий муассасалари, компаниялари, аэропортлари ва давлат ташкилотларига нисбатан чоралар кўрилиши мумкин.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи мазкур баёнотларни Вашингтоннинг муваффақиятсиз сиёсатининг давоми деб атади. Унинг сўзларига кўра, босимни янада кучайтириш АҚШни янги муваффақиятсизликларга олиб келиши мумкин. Санкциялар ва ҳарбий босим Эронни ўз сиёсий йўналишини ўзгартиришга мажбур эта олмайди.

Дональд Трамп аввал ҳам Эрон билан қарама-қаршилик даврида НАТО давлатлари ва Осиёнинг қатор мамлакатлари томонидан АҚШга етарлича кўмак кўрсатилмаётганидан норозилигини билдирган эди. У мазкур давлатларни Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда иштирок этишга чақириб, ушбу йўналишдаги ҳарбий ва иқтисодий харажатларни АҚШ ёлғиз ўзи кўтармаслиги кераклигини таъкидлаган.

Вашингтоннинг ушбу баёнотлари ортидан БАА Эрон билан савдо операциялари, тижорат алмашинувлари ва молиявий операцияларни номаълум муддатга тўхтатишини маълум қилди. Қарор БАА ҳукумати Эрон ҳудудидан учирилган икки ракета аниқлангани ҳақида хабар берганидан сўнг қабул қилинди. Теҳрон эса мазкур хабарни асоссиз деб баҳолади.

Айни пайтда АҚШ ва Эрон ўртасида эҳтимолий музокаралар ўтказилиши борасида қарама-қарши баёнотлар янграмоқда. Дональд Трамп аввалроқ Теҳрон билан ҳеч қандай алоқа йўқлигини билдирган бўлса, унинг махсус вакили Жаред Кушнер музокаралар давом этаётгани ва янада фаол тус олганини маълум қилди.

Аввалроқ томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича икки марта келишувга эришилган эди. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам келишувлар узоқ давом этмай, яна ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланган.

Киритилди: 18:50 20.08.2026. Ўқилди: 330 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!