"Grand Chess Tour" туркумининг муҳим босқичларидан бири бўлган мусобақанинг сўнгги, 9-турида Синдоров қора доналарда америкалик Уэсли Со билан дуранг ўйнади.
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида якунланган "Sinquefield Cup—2026" турнирини кучли учликда якунлади. Ушбу натижа учун шахматчи 42 минг 500 АҚШ доллари миқдорида мукофот пулига эга бўлди.
"Grand Chess Tour" туркумининг муҳим босқичларидан бири бўлган мусобақанинг сўнгги, 9-турида Синдоров қора доналарда америкалик Уэсли Со билан дуранг ўйнади. Партия 44-юришдан сўнг якунланган.
Сўнгги турдаги барча баҳслар дуранг билан тугаган. Натижада Уэсли Со ва ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳа 5,5 очкодан жамғариб, турнир жадвалида биринчи ўринни бўлишиб олган.
Чемпионни аниқлаш учун икки шахматчи ўртасида тай-брейк баҳслари ўтказилди. Ҳал қилувчи армагеддон партиясида Уэсли Со Праггнанандҳани мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.
Умумий мукофот жамғармаси 475 минг 685 доллар бўлган турнирда Уэсли Со ва Праггнанандҳа 1- ва 2-ўринлар учун белгиланган мукофотларни ўзаро тенг бўлиб олди. Шу тариқа Со 87 минг 500 доллар, Праггнанандҳа эса 77 минг 500 доллар мукофот пулига эга бўлди.
Жавоҳир Синдоров ва Германия вакили Винсент Кеймер эса 5 очкодан жамғариб, 3- ва 4-ўринларни бўлишиб олди. Мусобақа регламентига кўра, 3-ўрин учун 50 минг доллар, 4-ўрин учун эса 35 минг доллар мукофот белгиланган эди.
Бироқ икки шахматчи бир хил натижа қайд этгани сабабли ушбу ўринлар учун ажратилган жами 85 минг доллар улар ўртасида тенг тақсимланди. Натижада Синдоров ва Кеймернинг ҳар бири 42 минг 500 доллардан мукофот олди.
Шу тариқа Жавоҳир Синдоров "Sinquefield Cup—2026" турнирини бронза медали ва 42 минг 500 долларлик мукофот билан якунлади.