20 август кечаси Россия кучлари Киев ва Киев вилоятига баллистик ва дастлабки маълумотларга кўра, гипертовушли "Циркон" ракеталари, шунингдек, дронлардан фойдаланган ҳолда кенг кўламли ҳужум уюштирди.
Киев мэри Виталий Кличко, Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти ва Украина ҳаво кучлари бу ҳақда эълон қилишди.
Киевдаги ҳужумда уч киши ҳалок бўлгани, яна 20 киши жароҳатлангани, улардан 14 нафари касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган.
Украина пойтахтининг Соломянский туманида тўққиз қаватли турар-жой биноси шикастланган, унинг юқори қаватлари вайрон бўлган ва ёнғин содир бўлган. Мактаб биноси ва болалар касалхонаси ҳам шикастланган. Святошинский туманида омборлар, Дарницкийда эса турар-жой бўлмаган бинолар ёниб кетган. Святошинский ва Соломянский туманларининг бир қисми электрсиз қолган.
Киев вилоятининг Броварй туманида бир киши ҳалок бўлган ва яна бири яраланган. Саноат объекти шикастланган, у ерда ёнғин содир бўлган.
Россия қўшинлари Житомирга ҳам учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳужум қилишди. Миллий полиция бош қароргоҳи биносига зарба қайд этилди. Миллий полиция бошлиғи вазифасини бажарувчи Максим Цуцкиридзенинг сўзларига кўра, икки полиция ходими ҳалок бўлган ва камида 20 киши жароҳатланган.