17 июль куни қурилиш соҳасига бағишланган йиғилишда девелопер дарахтларни кесишга қарши мораторийни бекор қилишни таъкидлади. У бу фикрини “дарахтлар уй-жой қуришга халал бераётгани ва бошқа жойда кесилган дарахтларнинг ўрнига дарахт экиш мумкинлиги” билан изоҳлади.
Ҳаммамизга маълумки, бугунги Марказий Осиё минтақаси чўлланиш, қурғоқчилик ёқасида турибди, яъни иқлим ўзгариши, кескин исиш минтақага, хусусан, Ўзбекистонга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Биргина мисол, айни кунларда ҳам Тошкентда аномал иссиқ ҳукм сурмоқда. Бу каби омиллар биринчи навбатда ҳар бир дарахтни асраб-авайлаш ва уларнинг сонини янада кўпайтиришни тақозо этади.
Шунинг учун ҳам юртимизда яшиллик даражасини оширишга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилди ва ҳар йили миллионлаб дарахт кўчатлари экилмоқда. Сабаби иқлим кескин ўзгариб бораётган, чўлланиш хавфи ортиб бораётган бир пайтда яшиллик даражасини ошириш, дарахтларни кўпайтириш энг самарали чоралардан биридир.
Энди мораторийга тўхталсак. Президент ташаббуси билан дарахтларни кесишга мораторий бежизга эълон қилингани йўқ. Тадбиркор “Барибир дарахтлар кесиляпти-ку, мораторий керакми?” қабилида фикр билдирган. Ваҳоланки, айнан мораторий туфайли 98 фоиздан ортиқ дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмади.
Хусусан, 2024 йил давомида дарахтлар кесилиши бўйича келиб тушган 5 875 та ариза рад этилиши натижасида 1 173 726 та дарахт кесилиши олди олинган. Шундан 153 674 та дарахт қимматбаҳо нав ҳисобланади. 2025 йилнинг 6 ойи давомида эса дарахтлар кесилиши бўйича келиб тушган 3 235 та ариза рад этилган ва 453 238 та дарахт сақлаб қолинган. Шундан 86 309 таси қимматбаҳо навдир.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида дарахт ва буталарни ноқонуний кесган 1 639 нафар шахсга 14 млрд сўм жарима ва зарарлар белгиланган бўлса, 2025 йилнинг 1-ярим йиллигида худди шу ҳолат бўйича 1 374 нафар шахсга 20,6 млрд сўм жарима ва зарарлар қўлланилган.
Тадбиркорнинг “бир ҳудудда дарахт эккан тадбиркор бошқа жойда дарахт кесиши мумкинлиги” ҳақидаги фикрлари эса экологияга нисбатан жиноятдир. Чунки кўплаб дарахт экиш, у қанча бўлишидан қатъи назар, бошқа жойда дарахт кесиш ҳуқуқини бермайди. Дарахт кесиш атроф-муҳитга жиддий зарар келтиради ва ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт учун қонунларда қатъий жавобгарлик мавжуд.
Биз — Экопартия депутатлари ва шу юртнинг фуқароси сифатида тадбиркорларнинг дарахт кесиш, кўчириб ўтқазиш ёки экологияга зарар келтириши мумкин бўлган ҳар қандай таклифига мутлақо қаршимиз. Бугун “ўрнига бошқаси экиларкан-ку”, деб дарахт кесилаверса, бу жуда тез фурсатда катта экологик фожиани келтириб чиқариши тайин. Шундай экан, дарахтларнинг кесилишига йўл қўймаслик ва бу орқали экологияни асраб қолиш — барчамизнинг бурчимиздир.
Баxтиёр Пўлатов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати