Глобал исиш туфайли денгиз сатҳининг кўтарилиши жуда кўп аҳолининг ҳалокатига олиб келади. Бундай прогноз 14 февраль, сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш томонидан эълон қилинди. У фалокатдан азият чекувчилар учун бошпана беришни тартибга солувчи ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишга чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда сайёрамизда 900 миллион одам қирғоқбўйи паст ҳудудларда истиқомат қилади ва уларнинг барчаси хавф остида. «Бутун бошли давлатлар абадий йўқ бўлиб кетиши мумкин», деб огоҳлантирган Гутерриш. У музликларнинг эриши давом этаётгани сабабидан нафақат орол давлатлари, балки Бангладеш, Хитой, Ҳиндистон ва Нидерландия каби давлатлар ҳам хавф остида қолади, дея таъкидлаган.
Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши тез-тез бўронлар ва тошқинлар билан бирга келади. Шу билан бирга, тупроқ ва сув туз туфайли шўрланади, кўплаб ҳудудлар яшаш учун яроқсиз ҳолга келади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим бўйича экспертлари маълумотларига кўра, 1900-2018 йиллар оралиғида дунёда денгиз сатҳи 15-25 сантиметрга кўтарилган. 2100 йилда Ердаги ҳаво ҳарорати саноат ривожланишидан олдинги даврга нисбатан икки даражага илиқроқ бўладиган сценарийга кўра, глобал денгиз сатҳи яна 43 сантиметрга кўтарилиши кутилмоқда. Ҳароратнинг Цельсий бўйича 3-4 даража кўтарилиши натижасида бу кўрсаткич 84 сантиметргача етиши мумкин.
2023 йил январь ойи бошида Science журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, 2100 йилга келиб, Ердаги глобал исишнинг ҳозирги суръатида музликларнинг 68 фоизи йўқ бўлиб кетиши мумкин.