1 июлдан бошлаб Дания фуқароси бўлган аёллар, агар улар махсус лотереяда танлаб олинган бўлса, ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтишлари ва армияда хизмат қилишлари шарт.
Ҳарбий хизматга чақирилганда, Associated Press хабарига кўра, ҳар икки жинс вакилларининг кўнгилли бўлганларига устунлик берилади, қолган ўринлар эса ҳарбий хизматга мажбурлар ўртасида тақсимланади ва уларда энди аёллар ҳам қатнашади.
Янги қоидалар кучга киргунга қадар ҳам даниялик аёллар армияда хизмат қилишлари мумкин эди, бироқ фақат кўнгиллилар сифатида.
Янги тартиб билан, шунингдек, муддатли ҳарбий хизмат муддати ҳам оширилди: тўрт ойдан ўн бир ойгача, шундан беш ойи ўқишга сарфланади.
AP, ўз навбатида, ўзгаришлар Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши билан ҳам боғлиқлигини таъкидлайди. Ҳарбий чақирув дастури раҳбари полковник Кеннет Стромнинг AP журналистларига айтишича, чақирилувчилар сонини кўпайтириш мамлакатнинг жанговар қудратини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Маълумот учун, 2024 йилда Данияда 4 700 га яқин чақирилувчи тўрт ойлик мажбурий ҳарбий хизматни ўтаган, уларнинг деярли тўртдан бири (24 фоизи) кўнгилли аёллар бўлган. Янги чақирув қоидаларига мувофиқ, ҳар йили мажбурий ҳарбий хизматни ўтаётганларнинг умумий сонини 2033 йилгача 6 500 нафарга етказиш режалаштирилган. Данияда, шунингдек, 9 мингга яқин махсус лавозимлардаги ҳарбийлар бор.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Норвегия, 2017 йилда эса Швеция аёллар учун муддатли ҳарбий хизматни жорий қилган.