Дам олиш ёки байрам кунида ходим розилигисиз ишга чиқариш мумкинми? Бу кунлар учун қанча ҳақ тўланиши керак? Розилик фақат ариза билан билдириладими?
Умумий қоидага кўра, дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш тақиқланади. (Ишланмайдиган байрам кунлари 9 та). Шунингдек, қонунчиликда ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиққан ҳолда айрим истисно ҳолатлар белгиланган. Қуйида дам олиш ёки байрам кунлари ишга чиқаришнинг айрим ҳуқуқий асосларига оид муҳим қоидалар келтирилган.
Ташкилотнинг кейинги нормал фаолияти шошилинч бажариладиган ишларга боғлиқ бўлганида, ўша ишларни бажариш учун ходимлар уларнинг ёзма розилиги билан дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин.
Бунда шошилинч бажарилиши керак бўлган ишлар рўйхати жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси билан келишиб иш берувчи томонидан ёхуд меҳнат шартномасида белгиланади.
Шунингдек, ишланмайдиган байрамларда ишлаб чиқаришни тўхтатиб туриш имкони бўлмаган, аҳолига хизмат кўрсатиладиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади.
Бундан ташқари, маданий-томоша ташкилотлари, телевидение, радиоэшиттириш ва бошқа ОАВ ходимлари дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг розилигисиз дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилади:
табиий ёки техноген ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар (ёнғин, тошқин, зилзила, эпидемия ва бошқалар) давридаги ишларни бажариш учун;
бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;
иссиқ ва совуқ сув, газ, ёруғлик, иссиқлик таъминоти, транспорт, алоқанинг нормал ишлашини бузадиган ҳолатларни бартараф этиш учун;
иш берувчи мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.
Ногиронлиги бўлган ходимлар, ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимларни дам олиш куни ва ишланмайдиган байрам кунларида ишга жалб қилишга ҳар қандай ҳолатда (бахтсиз ҳодисада ҳам) фақат уларнинг розилиги билан йўл қўйилади.
18 ёшгача бўлган ходимларни эса дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади (ТВ, ОАВ, радио, спорт соҳасидаги ишлар мустасно).
Дам олиш кунлари ёки ишланмайдиган байрам кунлари учун камида икки ҳисса ҳақ тўланади.
Ички ҳужжатларда икки ҳиссадан кўпроқ ҳақ тўланиши белгиланиши мумкин.
Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.
Дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш учун ходимга ўзининг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилиши мумкин. Бунда ходимга бир ҳисса ҳақ тўланади.
Ходим жадвалга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ умумий белгиланган дам олиш кунларида (беш кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанба кунлари ёки олти кунлик иш ҳафтасида якшанба куни) ишласа, дам олиш кунлари эса унга бошқа кунда берилса, умумий дам олиш кунларидаги иш учун бир ҳисса ҳақ тўланади.
Дам олиш куни ёки ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этиш иш берувчи буйруғи билан расмийлаштирилади.
Ходимнинг розилиги ариза билан ёки буйруққа имзо қўйдириш орқали олинади.
Ходим розилигисиз ишга жалб этилганда буйруқда ходим розилигисиз ишга жалб қилиш асослари қўрсатилиши керак.
Эслатма: юқоридаги тартиблар бузилганда ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга, шунингдек меҳнат, прокуратура, адлия органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Судга мурожаат қилинганда ходимлар суд харажатларидан озод қилинади.