Бугун 1 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Муҳаммадсобир Файзовнинг қариндошлари ўз ҳақиқатлари билан бўлишди

Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Муҳаммадсобир Файзовнинг қариндошлари ўз ҳақиқатлари билан бўлишди

Москва вилоятидаги Crocus City Hall’даги терактда гумон қилинаётган Тожикистон фуқароларидан бири Муҳаммадсобир Файзов бир ойдан кейин 20 ёшга тўлади. У оиласида 5 ўғилнинг кенжаси бўлиб, акаси Наимжондан ташқари акалари ва отаси каби Россияда ишлаган.

Муҳаммадсобирнинг қариндошлари, қўшнилари ва маҳаллий имомнинг сўзларига кўра, у диндор йигит бўлмаган, яхши тарбия топган. AsiaPlus нашри терактда айбланаётган йигитнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

“Мен нима қилдим?”

Муҳаммадсобир ҳибсга олинишидан олдин Россиянинг Иваново шаҳридаги салонлардан бирида сартарош бўлиб ишлаган. Айрим мижозлар бу сартарошхонага фақат унинг хизматлари учун келган.

У 23 март куни 140 дан ортиқ одамнинг ўлими ва юзлаб одамларнинг жароҳатланишига сабаб бўлган Crocus терактида гумон қилинган яна уч тожикистонлик билан бирга ҳибсга олинган. Уни Басманний суд залига ногиронлар аравачасида юзи кўкарган ва калтакланган ҳолда олиб келишган.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига кўра, Муҳаммадсобир қўлга олиш амалиёти чоғида гўёки қаршилик кўрсатган ва шу сабабли бир кўзи жиддий шикастланган. У сўроқ пайтида таржимон ёрдамиз терговчининг биринчи саволига: “Мен нима қилдим?”, дея жавоб берган.

Қариндошлари, қўни-қўшнилари, ўқитувчилари Муҳаммадсобир теракт уюштириб, ўнлаб одамларни ўлдирганига ишонмайди.

Онаси журналистлар билан гаплашишни истамайди

7 апрель оқшомида Россия Федерал хавфсизлик хизмати терактда гумонланаётганларни сўроқ қилаётгани акс этган видеони кўрсатди. Унда айбланувчилар координаторлари Сайфулло исмли шахс бўлгани, бу иш учун уларга 1 миллион рубль ваъда қилинганини айтди.

Тожикистон ҳукумати 8 апрель куни эрталаб Муҳаммадсобирнинг онаси Сайрам Файзовани сўроққа чақириб, тушдан кейин қўйиб юборди. Онанинг сўроқ қилиниши унинг ўғли гапиргани акс этган видеога боғлиқми ёки йўқлиги номаълум. Бироқ сўроқдан сўнг Сайрам Файзова журналистлар билан гаплашишдан бош тортган ва уларнинг кўз ўнгида эшикни ёпган. Аёл ҳатто уйини суратга олишга ҳам рухсат бермаган.

Муҳаммадсобирнинг акаси Наимжон қисқагина қилиб , “Биз ҳамма нарсани қонун доирасида айтдик. Ҳаммаси аниқ, бошқа ҳеч нарса дея олмаймиз”, деган.

“У ҳаммаси аниқ деганда нимани назарда тутгани тушунарсиз. Шу билан бирга у фақат кутяпмиз, дуо қилайлик, нима бўлишини вақт кўрсатади, деб такрорлаган”, — дейди AsiaPlus нашри.

Наимжоннинг сўзларига кўра, расмийлар Файзовлар оиласи аъзоларидан ҳеч бирини ҳибсга олмаган.

Россияга бориш мақсади

Мактабни тугатгандан сўнг Муҳаммадсобир уйда сартарош бўлиб ишлаган ва акалари Россияда қўним топишганидан кейин тахминан 2022 йил — у Ивановога ишлаш учун кетган.

У яхши ва ақлли бола эди, “йўқ” деган сўзни билмасди, мактабда яхши ўқиди, ўқитувчилар унинг устидан шикоят қилишмаган, — дейди Муҳаммадсобирнинг бувиси 76 ёшли Тожинисо Файзова.

Айбланувчининг онаси 26 март куни Озодлик радиосига берган интервьюсида ўғли ва бошқа оила аъзолари оиланинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилмоқчи бўлиб, Россияга жўнаб кетганини айтган.

Бир ҳовлида тўрт оила яшаймиз. Мен ва уч нафар келиним. Улар ер сотиб олмоқчи эдилар. Муҳаммадсобирнинг акаларидан бирининг ўғли Хитойда ўқийди. Муҳаммадсобир ҳам у ерга ўқишга бораман, деди. Отаси унга пул йиғиши кераклиги, бу унинг ўқишини давом эттиришига ёрдам беришини айтди. У ҳақиқатан ҳам чет тилини ўрганишни хоҳларди. Ҳеч қандай назоратда бўлмаган. Топган пулларини отасига жўнатиб турган. Сўнгги икки-уч ҳафта ичида унга нима бўлганини билмайман. Отасининг рухсатисиз телефон ҳам сотиб олмаган, — дейди Муҳаммадсобирнинг онаси.

Муҳаммадсобир маошидан норози бўлган

Иваново вилоятидаги My Style сартарошхонасида Муҳаммадсобирга иш берган шахснинг сўзларига кўра, унинг ишида камчилик бўлмаган.

Муҳаммадсобир Файзов ўз ишининг устаси эди, кўплаб мижозлар айнан у учун келади, ишдан кетганида мижозлар ҳам келмай қўйди, — дейди у.

Бироқ онасининг сўзларига кўра, “ўғли маошидан унчалик мамнун эмасди, камлигини айтарди. У сартарошликдан кетиб, Петербургда мева сотишини айтган”.

Сайрам Файзова ҳар куни эрталаб ва кечқурун Муҳаммадсобир билан телефон орқали мулоқот қилган, терактдан бир кун олдин гаплашганида ўғли “ҳаммаси яхши”лигини айтган. Файзовлар оиласининг қўшнилари Муҳаммадсобирни босиқ, хушмуомала, йигит сифатида таърифлаб, зиёли оилада улғайгани учун бундай ишга қўл уришига ишонмасликларини билдирди.

Қўшниларидан 73 ёшли Мамлакат Собированинг айтишича, Муҳаммадсобир фарзандлари билан бирга катта бўлган.

“Кўз ўнгимда улғайган, болаларим билан ўйнаган. Бирор нарса сўрашса, югуриб келиб ёрдам берарди. Биз билан дўконга борган, бозорликни уйгача кўтариб келган. Унинг ота-онаси ҳам яхши инсонлар. Воқеа содир бўлганидан хабар топгач, оила аъзоларининг қайғусига шерик бўлдик. У бу ишни қилганига ишонмайман”, 1 таъкидлайди у.

Файзовлар уйи ёнида жойлашган дўконлардан бирининг сотувчиси Зулайҳо Толибова ҳам Муҳаммадсобир хушмуомала, одобли, катталарни ҳурмат қиладиган йигит бўлганини айтди.

Шахсан мен унинг шундай иш қилганига ишонмайман. Оиласида ҳеч ким бошқалар билан ёмон муносабатда бўлмаган, қўшниларига ёмонлик қилмаган, — дейди у.

Сарикишти маҳалласидаги “Амир Ҳамза” жоме масжиди имом-хатиби Саидраҳмон Ҳабибовнинг Аsia-Plusга маълум қилишича, Муҳаммадсобир баъзан масжидга ҳар ҳафта исириқ, тасбеҳ ва бошқа нарсаларни сотган акасига ёрдам бериш учунгина келган.

“Уларнинг отаси ва ака-укалари намоз ўқиш учун масжидга келган, лекин мен бу болани намоз вақти кўрмаганман. Улар яхши одамлар. Болаларнинг аксарияти олий ўқув юртларини битирган. Бу йигит шундай иш қилганига ишонмайман. Уларнинг оиласи диндор эмас, фақат намоз ўқийди”, — деди Ҳабибов.

Зиёли оилада улғайган

Отаси ўқитувчи, онаси кутубхоначи бўлган. Муҳаммадсобир Рудакий туманидаги 74-мактабни тамомлаган. Отаси ва онаси узоқ йиллар шу мактабда ишлаган. Онаси аввал ўқитувчи, кейин эса мактаб кутубхоначиси сифатида фаолият юритган. Отаси эса рус тили ўқитувчиси бўлган.

Муҳаммадсобирга дарс берган мактаб ўқитувчиларининг “Асиа-Плус”га айтишича, у яхши ўқиган, жамоат ишларида фаол қатнашган. Crocus’даги теракт пайти акс этган видеони кўрган мактаб мудири Абдулазиз Абдусамадов уларнинг собиқ битирувчиси бундай нарсага қодирлигига ишонмаслиги, чунки у зиёлилар оиласида туғилгани, тарбияли бўлганини айтди.

“Шахсан мен унинг экстремистик гуруҳларга қўшилганига ишонмайман. Ўқиш даврида диний таълим олмаган, намозга ҳам бормаган, онаси уни доим назорат қилиб, барча ота-оналар йиғилишларида қатнашган”, — деб тушунтирди у.

Абдусамадовнинг сўзларига кўра, Муҳаммадсобир аниқ фанларга кўпроқ қизиққан ва ҳатто Тиббиёт университетига ўқишга кирмоқчи бўлган, аммо билими етарли бўлмаган.

Crocus’даги теракт 22 март куни содир бўлган. “Пикник” гуруҳи концерти бошланишидан бир оз олдин автоматик қурол билан қуролланган тўрт киши концерт залига бостириб кирган. Аввалига одамларга қарата ўқ узишган, кейин эса бинони ичкаридан ёқиб юборишган. Ҳужум оқибатида 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, бир неча юз киши турли тан жароҳат ва талафотлар олган. Терактга алоқадорликда айбланиб, бир неча Тожикистон фуқароси қўлга олинган. ИШИДнинг Хуросон бўлими ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Бироқ Россия махсус хизматлари Украинани ҳужумга алоқадорликда айблаган. Расман Украина терактга алоқадорлигини рад этади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

Киритилди: 11:59 18.04.2024. Ўқилди: 2449 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!