Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги мактабларнинг бирида ўқувчилар бир-бирига бўёқ сепгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилди.
Унга кўра, ҳолат жорий йил 12 май куни Чироқчи туманидаги 82-сонли мактабнинг 8-10 синф ўқувчилари ўртасида содир этилган. Танаффусда ўқувчилар ўзаро бўёқ лакларини бир-бирига сепиш, мактаб деворига таъсир этганлик ҳолати кузатилган.
Мактаб маъмуриятининг маълум қилишича, мазкур ҳолатни келтириб чиқарган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан ҳуқуқ тартибот органлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Қайд этилишича, видео ота-оналарни фарзанд тарбиясига эътиборли бўлиш мақсадида мактабнинг масъул ходими томонидан уларга юборилган. Бу эса ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинишга уринилган.
Шунингдек, таълим ташкилоти мулки, моддий-техник базасига зиён етказиш ҳолатлари ғайриқонуний ҳаракат ҳисобланишини инобатга олиб, ўз навбатида эътиборсизлик ҳолатларини юзага келтирган синф раҳбарлари, мактаб маъмуриятига нисбатан таъсир чораси қўлланилгани маълум қилинди.
Чироқчи туманидаги 82-сонли мактаб директори бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида тезкорлик билан ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиб, фарзанд тарбиясига эътиборли бўлишни сўраган.