Янги йил байрами яқинлашган сайин кун тартибига чиқадиган пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши республикамиз божхоначилари томонидан тезкор чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабандага карши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Миллий гвардия ва ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ички ҳудуддаги ноқонуний айланмаси фош қилинди.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан тезкор кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, муқаддам ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кирилган 205 та қоғоз қутида 2 турдаги пиротехника воситалари қонунга хилоф тарзда сақланаётганлиги фош бўлди.
Рангли тутун чиқарувчи ва учқун сачратувчи мазкур пиротехника воситаларининг умумий миқдори 24 минг 637 донани, қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 737 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда мазкур пиротехника воситалари вақтинча сақловга олинди ҳамда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 80 дан зиёд божхона қонунбузилиши ҳолатларида 7,5 млн донага яқин пиротехника воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.