Чехия, Дания ва Нидерландия ҳукумат раҳбарлари 2025 йилда Прага томонидан бошланган Украинани ўқ-дорилар билан таъминлаш ташаббусини давом эттиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда 17 октябрь, пайшанба куни Чехия бош вазири Петр Фиала Х ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотда айтилди. Ҳужжатда унинг даниялик ҳамкасби Метте Фредериксен ва Нидерландия вазирлар маҳкамаси раҳбари Дик Схофнинг имзолари ҳам бор.
"Биз бошқа давлатларни ҳам шундай қилишга чақирамиз, бу бутун Европа хавфсизлиги манфаатларига мос келади", деб таъкидлади Фиала.
Германия, Канада ва Португалия каби жами 18 мамлакат июнь ойигача Украина учун 500 минг ўқ-дори, хусусан, артиллерия ва танкларга йирик калибрли снарядлар сотиб олиш имконини берувчи 1,8 миллиард доллар (1,66 миллиард евро) тўплаган, деб эслатади AFP.
Шошилинч етказиб бериш "Украина олдидаги узоқ муддатли мажбуриятларимизни тасдиқлаш учун" зарур эди, дея тушунтирди ҳукумат раҳбарлари. Ташаббус, Европа Иттифоқи март ойи охиригача Украинага миллионта снаряд етказиб бериш ҳақидаги ваъдасини бажармагани сабабли ўқ-дорилар тақчиллигини қисман тўлдиради, дея аниқлик киритади агентлик.