Чехия президенти Путиннинг ғалабаси Ғарбга таҳдид солишини айтди.
Петр Павел The Sunday Times нашрига берган интервюсида Ғарбнинг ҳозирги хатти-ҳаракатларини Иккинчи жаҳон уруши арафасида Нацистлар Германиясига нисбатан қўлланган “тинчлантириш сиёсати”га қиёслади.
"Агар Россия Украина урушида ғалаба қозонишига йўл қўйсак, барчамиз мағлуб бўламиз. АҚШ ва Россия ўртасидаги махфий музокаралар ҳақидаги сўнгги хабарлар, хусусан, “Украина ҳудудларини Россияга топшириш” бўйича даъволар 1938 йилдаги Мюнхен келишувини эслатади", — дея таъкидлади президент.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ғарб Украинага бир пайтлар Чехословакияга хиёнат қилганидек хиёнат қилмаяпти, балки “ўзи қўллаб-қувватламоқчи бўлган тамойилларни ҳимоя қилишни истамаслигини” намойиш этмоқда.
Павел, шунингдек, урушдан кейин Европага Россия билан янги хавфсизлик шартномаси керак бўлишини айтди.
"Бу Россия барча давлатларнинг ҳудудий суверенитетини тан олиб, ўзининг агрессив фаолиятини чеклашга рози бўлганидан кейин муҳокама қилинади", — дея қўшимча қилди Чехия президенти.