Конго Демократик Республикасида (КДР) Эбола иситмаси авж олиши билан боғлиқ вазият ниҳоятда ташвишли эканини халқаро гуманитар ташкилот — “Чегара билмас шифокорлар” ташкилотининг операциялар бўйича директор ўринбосари Алан Гонсалес маълум қилди.
“Эбола иситмаси ўчоғи Итури провинциясида аниқлангани расман эълон қилинганига икки ҳафта бўлганига қарамай, вазият ҳанузгача ўта ташвишли бўлиб қолмоқда ва маҳаллий аҳоли ҳамда олдинги сафда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари учун жиддий хавотир манбаи ҳисобланади”, — дейилади ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Гонсалеснинг таъкидлашича, Эбола вирусининг тарқалиш суръати мисли кўрилмаган даражада юқори бўлиб, касаллик тарқалган ҳудудларда фаолият юритаётган мутахассислар вазиятга тезкор жавоб қайтаришга улгурмаяпти.
Унинг сўзларига кўра, ҳар куни Эболага гумон қилинган янги ҳолатлар аниқланмоқда. Бироқ мавжуд лаборатория текширувлари суръати касалликни ўз вақтида ташхислаш имконини бермаяпти. Шу сабабли вазиятни ҳеч бўлмаганда қисман назорат остига олиш учун лаборатория тадқиқотлари кўламини зудлик билан кенгайтириш зарур.
Гонсалеснинг ушбу баёноти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг Итури вилоятига юқори даражадаги ташрифи муносабати билан янгради.
ЖССТ Конго Демократик Республикаси ва Угандадаги Эбола иситмаси тарқалиши билан боғлиқ вазиятни фавқулодда ҳолат деб баҳолаб, унинг бошқа давлатлар учун ҳам хавф туғдираётганини маълум қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Конго Демократик Республикасида вирусга чалингани тахмин қилинаётган 221 киши вафот этган. Мамлакатдаги аввалги Эбола эпидемияси эса 2025 йил октябрь ойида якунланган эди.