Бугун 19 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Чеферин Инфантинодан ФИФА миллиардларини федерацияларга тарқатишни сўради

Чеферин Инфантинодан ФИФА миллиардларини федерацияларга тарқатишни сўради

УЕФА президенти Александер Чеферин ФИФА ихтиёрида тўпланган катта ҳажмдаги захира маблағларининг бир қисмини миллий ассоциациялар ўртасида тақсимлаш ғоясини илгари сурди.

Mirror нашри хабар беришича, агар ушбу таклиф амалга оширилса, ФИФАга аъзо бўлган 211 та федерациянинг ҳар бири қарийб 8,75 миллион евродан маблағ олиши мумкин.

Чефериннинг фикрича, ФИФА ўз молиявий барқарорлигини сақлаб қолиши, барча мажбуриятларини бажариши ва етарли захирага эга бўлиши шарт. Бироқ у ташкилот ҳисобларида эҳтиёждан анча юқори миқдорда маблағ жамланганини таъкидлаган.

"ФИФАнинг молиявий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб қолиши жуда муҳим. Шу билан бирга, унинг захираларида миллиардлаб доллар маблағ бор. Бу пуллар футболники ва улар 211 та аъзо ассоциация ҳамда ўйиннинг ривожи учун ишлатилиши керак", — дейилади УЕФА раҳбари баёнотида.

Чефериннинг қўшимча қилишича, ФИФАнинг келгуси харажатлари учун зарур бўлган суммадан ортиқча қисми миллий федерацияларни қўллаб-қувватлаш ва футбол инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланиши мумкин.

Аввалроқ Жанни Инфантино FIFA Forward Enterprise номли янги тузилма ташкил этишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Режага кўра, ушбу компания ФИФАнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги йирик мусобақалари билан боғлиқ жараёнларни бошқариши керак эди.

ФИФА мазкур лойиҳа орқали 4,2 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиш имконияти борлигини билдирган. Бироқ ташаббус футбол оламида бир қатор эътирозларга ҳам сабаб бўлган.

56 ёшли Жанни Инфантино 2016 йилдан бери ФИФА президенти лавозимида фаолият олиб бормоқда. У кейинчалик муқобил номзодларсиз яна икки марта ташкилот раҳбари этиб сайланган.

Киритилди: Бугун 08:56. Ўқилди: 222 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!