OpenAI компанияси бош директори Сэм Алтман одамлар тобора кўпроқ чат-ботни терапевт сифатида ишлата бошлаётганини таъкидлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бундай шахсий ёки психологик мавзулардаги суҳбатлар шифокорлик сирига кирмайди.
"Агар сиз ChatGPT билан ўзингизнинг энг шахсий ишларингиз ҳақида гаплашсангиз ва кейинчалик суд даъвоси ёки шунга ўхшаш бирор ҳолат юз берса, биз бу ёзишмаларни тақдим этишга мажбур бўлишимиз мумкин. Менимча, бу жудаям нотўғри", — деди Алтман.
ChatGPT асосчисининг фикрича, чат-бот билан ёзишмалар ҳам шифокор ёки ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашгандек даражада махфийлик билан ҳимояланиши керак.
ChatGPT сиёсатига кўра, фойдаланувчи томонидан ўчирилган барча чатлар, компания уларни “ҳуқуқий ёки хавфсизлик нуқтаи назаридан” сақлаб қолишга мажбур бўлмаган тақдирда 30 кун ичида бутунлай йўқ қилинади. Шу билан бирга, OpenAI ходимлари моделни созлаш ва ёвуз ниятдаги фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш учун ёзишмаларни кўриши мумкин.