“Centrum-Air” авиакомпанияси ортиқча чипта сотилиши сабаб парвоздан қолиб кетган фуқароларга компенсация ва қатор имтиёзлар тақдим этди.
Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан фуқаронинг “Centrum-Air” авиакомпанияси фаолияти юзасидан йўллаган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, фуқаро 2025 йил 26 сентябрь куни “Centrum-Air” авиакомпаниясининг расмий сайти орқали Истанбул–Наманган йўналиши бўйича икки дона авиачипта сотиб олган. Бироқ авиакомпания томонидан ортиқча чипталар сотилгани сабабли фуқаро ва унинг турмуш ўртоғи самолётга чиқолмай, Истанбул халқаро аэропортида қолиб кетган.
Бир суткадан сўнг уларга мажбурий тарзда Истанбул–Тошкент рейсида парвоз қилиш таклиф этилган ва фуқаролар шу рейс орқали Ўзбекистонга қайтиб келишган. Мазкур ҳолатдан норози бўлган фуқаро истеъмолчилик ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида “Centrum-Air” авиакомпанияси ўз айби билан юзага келган ноқулайликлар учун фуқаро билан келишилган ҳолда қатор компенсация ва имтиёзлар тақдим этганини маълум қилди. Хусусан, фуқарога 500 евро миқдорида компенсация, 865 минг 200 сўм пуллик товон тўланган. Шунингдек, авиакомпаниянинг исталган йўналишларига кейинги сафар учун 20 фоиз чегирма берувчи промокод, 23 килограмм қўшимча бепул багаж ҳамда парвоз вақтида самолётнинг биринчи қаторидан бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилган.
Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари тўлиқ тикланиши таъминланди.