Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотга кўра, ҳолат юзасидан тегишли текширув ўтказилган.
Оқова сувларнинг чиқиш жойларидан олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, “Бўзсув аерация иншооти”нинг биринчи сонли ташламасида муаллақ моддалар чекланган миқдордан 23,7 марта, аммоний иони 101,9 марта, азот нитрит 3,5 марта, сулфатлар 2,3 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 19,6 марта, нефт маҳсулотлари 2,52 марта, мис 4,16 марта, темир 12,4 марта юқори эканлиги аниқланган.
Шунингдек, обектнинг учинчи сонли ташламасида муаллақ моддалар белгиланган миқдордан 22,1 марта, аммоний иони 19,9 марта, азот нитрит 8,5 марта, сулфатлар 2,8 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 17 марта, нефт маҳсулотлари 1,78 марта, мис 3,3 марта, темир 3,6 марта юқори эканлиги маълум бўлди.
Дастлабки текширув давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ҳамда оқова оқизганлик оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан ЖКнинг 205- ва 207-моддалари билан “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзгатилган. Айни дамда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.