Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари вазирлиги (FCDO) 18 декабр куни санкциялар рўйхатини янгилаб, унга Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тўртта компания ва тадбиркор Рустам Мўминовни киритди.
Британия томони маълум қилишича, Ўзбекистон, Исроил ва Россия фуқаролигига эга Рустам Мўминов Украинадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин бўлган молиявий хизматлар ёки ресурслар тақдим этишда иштирок этган бўлиши эҳтимол қилинмоқда.
Аввалроқ, 23 октябр куни Европа Иттифоқи ҳам 19-санкциялар пакети доирасида Рустам Мўминовга чекловлар жорий этган. ЕИ уни Россия порох заводларига пахта целлюлозаси етказиб бериш билан боғлаган. Иттифоқ ҳужжатларида Мўминов Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқаролигига эга экани қайд этилган.
Буюк Британия санкциялари, шунингдек, Ўзбекистондаги Фарғона Кимё Заводи, Raw Materials Cellulose, Gelion Business Trade ва Chemistry International компанияларига ҳам татбиқ этилди.
Маълумот учун, жорий йил май ойида Украина ҳукумати ҳам Mercury Renaissance, Фарғона Кимё Заводи ва Raw Materials Cellulose компанияларига санкциялар жорий этган, Рустам Мўминов эса Украина томонидан санкцияланган 58 нафар жисмоний шахс рўйхатига киритилган.