Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов "British Expertise International" (BEI) консалтинг компанияси ижрочи раиси Дэвид Ландсман билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Дэвид Ландсман Ўзбекистонда барча жабҳаларда, шу жумладан, иқтисодиётни либераллаштириш, таълим соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
У компания фаолиятига ҳақида тўхталар экан, "BEI" маҳаллий ва хорижий ҳукуматлар, хусусий глобал ташкилотлар ва шахслар билан тармоқ тадбирлари, мавзуга йўналтирилган форумлар, савдо миссияларини тайёрлаш ва ташкил этиш билан шуғулланишини билдирди.
Таъкидланишича, "BEI" Британия Ташқи ишлар, Савдо ва бизнес вазирликлари, жамғармалар, "ақл марказ"лари ва бизнес тузилмалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Суҳбат давомида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан Буюк Британия жамоатчилиги ва бизнес доираларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар билан кенг таништириш мақсадида биргаликда тадбирлар ташкил этиш масалалари хусусида фикр алмашилди. Ташқи савдо ва сертификатлаш соҳасида тажриба алмашиш бўйича қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Буюк Британияда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳамда бой меросига бағишланган тадбирларни ташкил этиш, Британиянинг сертификатлаш соҳасидаги тажрибасини мамлакатимизда жорий этиш тўғрисида келишиб олинди.