Лондон Россияга қарши санкциялар доирасида “қора рўйхатга” яна уч жисмоний шахс ва бешта ташкилотни қўшди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати сайтида хабар берилди.
Рўйхатга Россия ва Қирғизистонда рўйхатдан ўтган Grinex криптобиржаси, Қирғизистоннинг “Kapital Bank”и, Бишкекдаги “TengriCoin” ва “Old Vektor” компаниялари киритилган.
Жисмоний шахслар орасида А7А5 раҳбари Леонид Шумаков, Қирғизистон Адлия вазирлиги маълумотига кўра, OAO “Торговая компания КР” раҳбари бўлган Жанишбек ўғли Назарбек, шунингдек, Kapital Bank бошқаруви раиси Кантемир Чалбаев бор.
Бундан ташқари, санкцияларга Люксембургда жойлашган Altair Holding SA инвестиция фонди ҳам тушган. Ушбу фонд ривожланаётган бозорлардаги инновацион компанияларга сармоя киритиш билан шуғулланади.