Британия ҳукуматининг янги ташаббусларига кўра, қочқинлар Буюк Британияда 20 йил яшагандан кейингина доимий яшаш учун ариза беришлари мумкин бўлади, деб хабар беради ДW.
Бундан ташқари, уларнинг мақоми ҳар 30 ойда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Буюк Британия Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд The Sunday Times газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Ўзгаришлар мамлакатга ноқонуний равишда, масалан, қайиқларда ёки юк машиналарида келган мигрантларга, шунингдек, визалари муддати тугаганидан кейин бошпана сўраб мурожаат қилганларга таъсир қилади.
Янги қонун қабул қилиниши билан Буюк Британия Европада доимий яшаш учун аризаларни кутиш муддати энг узоқ бўлган мамлакатлардан бирига айланади. Ҳозирда Дания бу борада дунёда етакчилик қилмоқда, кутиш муддати — саккиз йил. Мамлакатга қонуний равишда келганлар учун доимий яшаш учун ариза бериш муддати 10 йилни ташкил қилади.
Шабана Маҳмуд шунингдек, давлатнинг бошпана изловчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини бекор қилиш режаларини эълон қилди. Ўзини таъминлай оладиган, аммо буни қила олмайдиганлар ижтимоий уй-жой ва нафақа олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар. Жиноят содир этганлар ҳам ёрдамдан маҳрум бўладилар.
Бундан ташқари, қочқин мақоми ҳар 30 ойда қайта кўриб чиқилади ва хавфсиз деб топилган мамлакатлар фуқаролари ўз ватанларига қайтарилади. Маҳмуд бошпана олган кўплаб қочқинлар Буюк Британияда доимий равишда қолишини таъкидлади.
2005 йилда Лейбористлар ҳукумати томонидан қабул қилинган қонунчиликка кўра, қочқинлар ҳозирда Буюк Британияда беш йил бўлгандан кейин муддатсиз рухсат олиш учун ариза беришлари мумкин, бу уларга ижтимоий ёрдам ва нафақалар, шунингдек, фуқаролик олиш имконини беради.