Бугун 20 сентябрь, 2019 йил, жума

O'ZB

Бухорода янги қуриб топширилган кўп қаватли хонадондан чаён чиқди (ФОТО)

Бухорода янги қуриб топширилган кўп қаватли хонадондан чаён чиқди (ФОТО)

Бухоро шаҳридаги 7-микрорайонда жойлашган Амир Темур кўчасидаги кўп қаватли уйлар «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси томонидан қурилган. 10 та 7 қаватли, ҳар бири 42 та хонадонга мўлжалланган уй-жой барпо этилган. Қурилиш назорати инжиниринг компанияси вилоят бўлими томонидан амалга оширилган.

Бундан бир неча ой илгари, яъни жорий йилнинг май ойида «Дарё»да «Титилиб кетаётган бетонлар, ёпилмайдиган эшиклар. Бухоро шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлар қандай ҳолатда топширилмоқда?» сарлавҳаси остида мақола ёритилган эди.

Шундан сўнг қурилиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли олиб борилиши учун ушбу компания ишга масъулиятни оширди. «Дарё» мухбири билан суҳбатда «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси Бухоро вилоят бўйича вакили Ҳаёт Низомов катта ва кенг ҳудудда давом этаётган қурилиш ишларига 700 нафар ишчи жалб этилгани, жами 19 гектар майдондаги қурилиш ишлари 7 та пудрат ташкилоти томонидан олиб борилаётгани хусусида сўзлаган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида энг сўнгги қурилиш объекти ҳам якунланиб, эгаларига тантанали топширилган. Ҳар бир кўп қаватли уй учун 10 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Бироқ ҳалигача бир нечта кўп қаватли уйлар атрофи ободонлаштирилмаган. Асфалт ётқизилмаган. Атрофини ўраб турган кенг бўш ва қаровсиз ер бегона ўт-ўланлар ва тиканлар билан қопланган. Оқибатда уйлар ва айрим хонадонларга заҳарли ҳашаротларнинг ўрмалаб кириши кузатилмоқда.

— Мен 2018 йилда Бухоро шаҳридаги 7-микрорайондан уй сотиб олганман. Икки нафар болам билан яшайман. Кеча бир ёшга тўлган ўғлимнинг тўшагида чаён ўрмалаб юрганини кўриб, донг қотдим. Қўрққанимдан кўчага бақириб югурдим. Қўшниларим зудлик билан етиб келиб, чаённи зўрға ўлдиришга эришди. Шундан сўнг санитария-эпидемиология станциясига дезинфекция масаласида мурожаат этдим. Аммо ҳалигача натижа бўлмади. Чаёнлар бирмас, бир нечта бўлиши мумкин, деган хавотирдаман, — дея «Дарё»га мурожаат қилади Бухоро шаҳридаги Амир Темур кўчаси, 22-уй, 24-хонадон соҳибаси Гулчирой Раҳматова.

Фуқаро Гулчирой Раҳматова кўп қаватли уйнинг 1-қаватида яшайди. Янги қурилган кўп қаватли уй атрофи ахлат ва бегона ўт-ўланларга тўла. Ҳаммаёқ ташландиқ ва хароб аҳволда.

Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласи раиси Равшан ота Очилов уйлар атрофини ўраб турган бу қаровсиз бўш ер майдонлари Бухоро туманига тегишли эканлигини билдирди. Маълум бўлишича, чаённинг хонадонларга ўрмалаб кириши биринчи марта кузатилмаяпти.

Уй-жойдан 200 метрча нарида пахта майдони жойлашган. Пахта терими даврида ҳудудда лой ва балчиқ аралаш ариқ суви орқали турли вирус ташувчи ҳашаротлар кўпайиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

— Яшаш уйларига яқин жойда пахта экилган. У дориланади. Болаларга аллергик касалликлар қўзғамаслиги мумкинми? — хавотида сўзида давом этади Гулчирой Раҳматова.

Ушбу кўп қаватли уй атрофи ободонлаштирилмаган ва асфалтланмаган. Аҳоли қум-тупроқ йўлдан фойдаланади. Машиналар қатнови йўқ.

— 2017 йилдан бошлаб, кўп қаватли уйлар қуришни бошлаганмиз. Бизнинг зиммамизга фақат 2017–2018 йилларда қурилган кўп қаватли уйларни қуриш ва тиклаш ишлари юкланган, демак, бу ишларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш масаласида жавобгармиз. Шу даврга қадар уй-жойдан 1 метр узоқликда бўлса-да, ободонлаштириш ва асфалтлаштириш ишлари вилоят Ягона буюртмачи хизмати инжирининг компаниялари томонидан бажарилган. 2019 йилдан бошлаб эса барча қурилиш амаллари, жумладан, кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, ташқи коммуникация ишлари, болалар майдончаларини қуриш кабилар «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Айнан ҳозир тилга олинаётган Бухоро шаҳридаги Амир Темур кўчасида жойлашган 24-уйнинг атрофини ободонлаштириш ва асфалтлаш шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжирининг компанияси томонидан бажарилиши лозим эди, — деди «Дарё» мухбири билан боғланган «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси матбуот хизмати.

Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов мазкур объектда ободонлаштириш ва асфалтлаш ишлари бошлангани, тез кунда аҳоли талаби даражасидаги объект барпо бўлишини билдирди.

Замонавий турар жой бинолари қад кўтариб, салобат тўкиб турган мазкур бир нечта уй-жойларга тегишли болалар ўйингоҳи йўқ. Ҳудуднинг кўп қисмида ободонлаштириш иши амалга оширилмаганидан массивда ҳали уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятининг йўлга қўйилмаганини англаш қийинмас.

Қисқа муддатларда тикланиб, аҳолига топширилган уй-жойлар атрофи шаҳар ҳокими айтмоқчи, тез кунда ободонлаштириб, асфалтланмас экан, Бухоро туманига тегишли қаровсиз кенг майдонда заҳарли ҳашаротларнинг урчиши, ҳеч гапмас.

Киритилди: 15:53 07.09.2019. Ўқилди: 2338 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!