Бугун 21 май, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

“Бунёдкор” стадиони ишчиларининг қарийб 900 млн сўмлик иш ҳақлари ундирилди

“Бунёдкор” стадиони ишчиларининг қарийб 900 млн сўмлик иш ҳақлари ундирилди

“Бунёдкор” стадиони ходимларининг бир неча ойдан буён тўланмасдан келинган иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, инспекциянинг ёзма кўрсатмасига асосан, корхонада меҳнат қилаётган 49 нафар ходимнинг жами 867 миллион сўмлик иш ҳақи қарздорлиги тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди. Ҳозирда ходимлар олдида ойлик бўйича ҳеч қандай қарздорлик мавжуд эмас.

Ўзи нима гап?

Аввалроқ “Бунёдкор” стадиони дирекциясининг бир гуруҳ техник ходимлари (қоровул, сантехник, фаррош ва электриклари) ойлик маоши ўтган 2025 йилнинг декабрь ойидан буён кечикаётгани сабабли оғир иқтисодий аҳволда қолганидан шикоят қилиб, оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилган эди. Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, футболчилар ва академия ходимларига маошлар ўз вақтида берилган, бироқ юқоридаги касб эгаларининг ойлигига келганда пул етмай қолган.

Ҳатто айрим ходимлар ойлик йўқлиги сабабли кредитларини тўлай олмай, уйларидаги маиший техникаларини олдириб қўйишгани, тирикчилик учун уй жиҳозларини сотишга мажбур бўлишганини айтишган. Стадион маъмурияти эса ойликлар кечикишини янги ҳомий аниқ бўлиши жараёнига боғлаган эди.

“Бунёдкор” нега пулсиз қолди?

Ушбу инқирозли вазият стадионни молиялаштириш тизими ўзгаргани билан боғлиқ. Шу пайтгача объектни сақлаш харажатлари президент қарори асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қоплаб келинган. Бироқ газ қазиб олиш ҳажмининг камайиши ва тизимли муаммолар фонида, компания ўзига хос бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” клубларини молиялаштиришни тўхтатган.

Гарчи давлат бюджетидан Суперлига клубларининг ўзига муайян маблағлар ажратилган бўлса-да, 100 фоизлик улуши Ўзбекистон футбол ассоциациясига тегишли бўлган “Бунёдкор” дирекциясини (стадион хизматчиларини) молиялаштириш манбаси очиқ ва ҳалигача ноаниқ бўлиб қолаётган эди.

Давлат меҳнат инспекциясининг аралашуви билан ойликларини ололмай сарсон бўлган 49 нафар ишчининг муаммоси ҳал қилинди. Инспекция хабарида ойликлар қайси маблағлар ҳисобига қоплаб берилгани ҳақида маълумот йўқ.

Киритилди: Бугун 09:11. Ўқилди: 190 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!