Буюк Британия парламентининг 60 га яқин аъзоси Фаластин давлатини дарҳол тан олишни талаб қилди. Бу чақириқ Исроил мудофаа вазири ғазоликларни Рафаҳ харобаларида қуриладиган лагерга мажбуран кўчириш режасини эълон қилганидан сўнг янгради.
Ташаббус Лейбористлар партиясининг марказчи ва сўл қанот депутатларидан чиққан бўлиб, улар ташқи ишлар вазири Девид Леммига хат йўлади. Унда Ғазода этник тозалаш содир бўлаётгани айтилади.
Депутатлар ҳукуматдан Исроилнинг Рафаҳ бўйича режасига тўсқинлик қилиш учун зудлик билан чора кўришни, шунингдек, Фаластин давлатини расман тан олишни талаб қилишмоқда.
Бу мактуб Франция президенти Эммануэл Макроннинг Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан қўшма матбуот анжуманидан сўнг юборилган. Ўшанда икки давлат раҳбарлари Фаластинни тан олиш бўйича баёнот берган эди.
“Биз сизга Исроил мудофаа вазирининг душанба куни эълон қилган, барча ғазоликларни Рафаҳ харобаларида жойлашган лагерга мажбуран кўчириш режасига оид ташвишларимизни билдириш учун мурожаат қиляпмиз. Исроилдаги етакчи инсон ҳуқуқлари юристи Михаил Сфрад буни инсониятга қарши жиноятни амалга ошириш бўйича ҳарбий режа деб таърифлади. Шунингдек, аҳолини Ғазо жанубига кўчириш ва уларни минтақадан бутунлай депортация қилишга тайёргарлик сифатида баҳолади”, дейилади мактубда.
Депутатлар ҳукуматдан бешта йўналишда ҳаракат қилишни сўради.
Ушбу мактуб Лейбористлар партияси депутатларининг сўнгги ҳафталардаги иккинчи мурожаати ҳисобланади, аммо бу сафар улар ўз исмларини очиқ эълон қилишган. Аввалги хатга айрим парламент ёрдамчилари ва кичик вазирлар ҳам имзо қўйган эди.