Бразилия Олий суди биноси яқинида иккита портлаш содир бўлди. Содир бўлган портлашлардан сўнг Олий суд ва яқин атрофдаги бошқа бинолардан одамлар эвакуация қилинди. Портлашлар натижасида бир киши ҳалок бўлди.
Биринчи портлаш пойтахт Бразилиа марказида жойлашган суд биносига туташ автотураргоҳдаги автомобиль юкхонасида содир бўлган. Тахминан 20 сониядан кейин иккинчи портлаш овози эшитилган.
Расмийларга кўра, портлаш оқибатида ҳалок бўлган одам Олий суд биносига киришга уринган. Дастлабки маълумотларга кўра, аввал у автотураргоҳда биринчи портлашни, кейин эса Олий суд биноси олдида иккинчи портлашни амалга оширган. Ҳозирда Бразилия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Маълумот учун, Олий суд биноси Бразилия президентининг қароргоҳи ҳисобланувчи Алворада саройи яқинида жойлашган.