Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Бош вазир ўринбосари: «Ўзбекистон ҳукумати 8 та йирик ишлаб чиқарувчига 3 млн дозадан вакцина харид қилиш бўйича мурожаат этган»

Бош вазир ўринбосари: «Ўзбекистон ҳукумати 8 та йирик ишлаб чиқарувчига 3 млн дозадан вакцина харид қилиш бўйича мурожаат этган»

Ўзбекистон ҳукумати 8 та йирик вакцина ишлаб чиқарувчига 3 миллион дозадан вакцина харид қилиш бўйича мурожаат этган. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан ўтказилган парламент эшитувида маълум қилди.

«Ҳозирда вакцинани аҳолининг анча кенг қатламини қамраб олган ҳолда харид қилиш ниятимиз бўлса, биринчидан, бунча миқдорда аниқ ишлаб чиқарувчи йўқ. Ёки ишлаб чиқарувчи бўлганда ҳам етказиб берувчи йўқ.

Мана, ҳозир дунёда вакцина ишлаб чиқараётган асосий 8 та корхоналари бўлса, ҳукумат томонидан уларнинг ҳар бирига йўлланма берилган. ‘Уч миллион доза вакцина олиш ниятимиз бор. Шуни бизга етказиш муддати ва нархини бера оласизларми?’, деган хатимизга бирортаси жавоб бера олгани йўқ. 50 фоизи ‘олмайман’ деган фикрни ҳам айтиши мумкин.

Шунинг учун, вакциналар ҳар бир вакцинация пунктларига етказилганидан кейин ОАВ орқали қаерда, қандай миқдорда борлиги маълум қилинади. Шундан сўнг, қолган вакцина ишлаб чиқарувчилар билан келишув амалга оширилиб, қолган қатламлар учун вакцина етказиб бериш устида ишлаймиз», — дейди бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, йиғилишда аҳолини оммавий эмлаш мақсадида дунёнинг 13 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан коронавирусга қарши вакциналарни тезкор етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилган.

Жумладан, амалга оширилган ҳамкорлик натижаларидан келиб чиқиб, Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Cо.,Лтд компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ЗФ 2001 вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф давлат сифатида белгилангани ҳамда ушбу янги вакцинани ЗФ-УЗ-ВАC 2001 номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш келишилгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилоти COVAX (коронавирусга қарши эмлаш механизми) фондига аъзо давлатлар қаторига киради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVAX фонди ҳисобидан мамлакатимиз аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш бўйича етарли миқдорда вакцина етказиб бериш юзасидан буюртма тайёрланиб, GAVI ташкилотига тақдим этилганлганлиги қайд этиб ўтилди.

Мавзуга доир: Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакцинасини ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун қайси компания танлангани маълум бўлди

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланади ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари вакиллари коронавирусга қарши бепул эмланади.

Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилди.

Киритилди: 14:05 23.02.2021. Ўқилди: 1840 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!