Бугун 12 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Болаларда хавфли ўсма касалликлар ривожланаётганини қандай билиш мумкин?

Болаларда хавфли ўсма касалликлар ривожланаётганини қандай билиш мумкин?

🔬 Саратон — жиддий хасталик. Сўнгги пайтларда глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва ичимлик суви таркибида сунъий қўшимчаларнинг кўпайиши ҳамда яшаш ҳудудларида канцероген моддаларнинг тарқалиши туфайли бу касаллик нафақат катта ёшли инсонлар, балки болалар орасида ҳам кўп учрамоқда.

🔎 Мутахассислар фикрича, хасталик профилактикасига оид тадбирларни самарали ташкил этиш ва уни эрта босқичларда аниқлаш орқали минглаб беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин.

❓Хўш, бунда нималарга эътибор қаратиш керак? Айни пайтда болалар орасида қандай онкологик касалликлар кўп учраяпти?

➡️ Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош онкологи, тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин Мустафоевдан жавоб олдик.

💬 — Саратон ўлим хавфи юқори бўлган хасталиклар рўйхатида етакчи ўринда туради, — дейди мутахассис. — Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам бундай ташхис қўйилган бемор ўғил-қизлар сони кам эмас.

🩺 Шу боис бугун мамлакатимизда саратонни ўз вақтида аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш, соҳага замонавий жарроҳлик амалиётларини кенг татбиқ этиш, бу орқали беморлар саломатлигини яхшилашга жиддий эътибор қаратиляпти.

📊 Айтиш керак, ҳозир болалар ўртасида учрайдиган онкологик касалликлар ичида гемабластозлар қарийб қирқ фоизни ташкил этади. Шунингдек, марказий асаб тизими ўсмалари, нейробластомалар, буйрак, суяк, юмшоқ тўқималар, қулоқ, томоқ, бурун, жигар ва жинсий аъзолар хавфли ўсмалари учрайди.

❓ — Бундай касалликлар келиб чиқишининг асосий сабаблари нимада ва унинг олдини олиш учун қандай жиҳатларга эътибор қаратиш лозим?

💬 — Болаларда онкологик касалликлар юзага келишида, энг аввало, эмбрионал омиллар асосий ўрин эгаллайди. Шу боис ҳомиладорлик даврида она ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратиши лозим. Қолаверса, глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат сифати ҳам бунда асосий роль ўйнайди.

📌 Ўғил-қизларда хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш учун, биринчи навбатда, ота-оналар ҳар томонлама соғлом ва зарарли иллатлардан холи бўлиши, шунингдек экологик муҳит мусаффолиги жуда муҳим ҳисобланади.

❓— Болада хавфли ўсма ривожланаётганини қандай билиш мумкин?

💬 — Бундай ўғил-қизларда ҳолсизлик, камқонлик ривожланади. Тана ҳарорати 37-37,5 гача кўтарилади. Бундан ташқари, тана вазни камаяди, периферик лимфа тугунлари, жағости, қўлтиқости, бўйин, човларда лимфа тугунлари катталашади.

⏩ Ана шундай аломатлар кузатилса, болани зудлик билан онколог кўригига йўллаш керак. Бугунги кунда ҳудудларимиздаги тиббиёт муассасаларида болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича барча шароитлар яратилган.

❓— Баъзи болаларда халқимиз тилида нор, хол дейиладиган ҳосилалар бўлади. Булар ўғил-қизлар саломатлигига хавф туғдирмайдими?

💬 — Нор тиббиёт тилида гемонгиома деб аталади. Бундан ташқари, болаларда лимфангиомалар, суяк остеомалари, юмшоқ тўқималарда ҳар хил хол кўринишидаги ҳосилалар учраб туради. Булар хавфсиз ўсмалар ҳисобланади.

❌ Бироқ баъзилари хавфли турга айланиши мумкин. Шу боис, фарзандлар танасидаги бундай ҳосилаларни ота-она ўз билганича бартараф этишга уриниши, холларни юлишга ҳаракат қилиш ёки ҳар хил ёғлар суриб йўқотишга интилиши асло мумкин эмас.

‼️ Чунки бу – оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар боланинг баданида бундай ҳосилалар бўлса, албатта, уларни тегишли мутахассис кўригидан ўтказиб, шифокор тавсияларига амал қилиш лозим.

Киритилди: 19:22 11.12.2024. Ўқилди: 535 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!