Бугун 17 октябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Болалар учун ингаляция қандай ҳолларда тавсия этилмайди?

Болалар учун ингаляция қандай ҳолларда тавсия этилмайди?

📌 Куз фаслида ҳаво ҳарорати пасайиб, организм совуқ кунларга мослашиб боради. Бу жараёнда эса турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди.

➡️ Айниқса, болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан бирмунча ортади. Бундай ҳолатда кўпчилик ота-оналар фарзандларини уй шароитида ингаляция орқали даволашга ҳаракат қилади.

❓Хўш, бу қанчалик тўғри? Мазкур муолажа усулининг афзалликлари нимада? У қачон ва кимларга тавсия этилмайди?

👨‍⚕️ Ушбу саволларга олий тоифали шифокор Равшанбек Умаров батафсил жавоб берди.

🔬— Ингаляция – нафас йўлларига дориларни тўғридан-тўғри юбориш усули бўлиб, болалар учун фойдали ҳисобланади, — дейди мутахассис. — Уни, асосан, нафас йўллари касалликлари, бронхит, астма, тонзиллит ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) даврида қўллаш мумкин.

🔶 Мазкур даволаш усулининг афзаллиги шундаки, ингаляция йўли билан қилинадиган малҳам беморга тез таъсир кўрсатади. Сабаби у орқали дори моддалари бевосита ҳужайраларга етиб бориб, хасталик аломатлари енгиллашади.

🛌 Ингаляциянинг турлари ҳар хил. Улардан баъзилари шифокор тавсияси билан амалга оширилса, бошқалари уй шароитида қўлланилиши мумкин.

🩺 Хусусан, небулайзер замонавий қурилма бўлиб, дорини аэрозол кўринишга келтиради. У болалар учун энг мақбул восита ҳисобланади. Унинг фойдаси шундаки, дорилар тўғридан-тўғри нафас йўлларига тушиб, тез таъсир кўрсатади. Небулайзерга шифокор тавсияси асосида берилган махсус дори воситаларини қўшиш мумкин.

😮‍💨 Буғли ингаляция эса одатда шўр ва доривор моддалар қўшилган сув ёрдамида ишлатилади. У ўсмир болалар учун самарали ҳисобланса-да, кичик ёшдаги болаларда эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.

▶️ Шунингдек, аэрозолли ингаляция махсус флаконларда тарқатилувчи дорилар билан амалга оширилиб, астма ва аллергик реакциялар учун ишлатилади.

🤒 Унутмаслик керакки, баъзи беморларга ингаляция қилиш тавсия этилмайди. Жумладан, тана ҳарорати 38°С ва ундан юқори бўлганда, ўпка ёки юрак фаолиятининг оғир бузилишларида фойдаланиш мумкин эмас.

💊 Ингаляция учун дорилар шифокор томонидан аниқланган касалликларга мувофиқ танланади.

🟢 Муолажани ўтказишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:

✔️бола тинч ҳолатда бўлиши ва тўғри нафас олиши;
✔️ ингаляцияни таомланишдан камида 1 соат олдин ёки кейин ўтказиш;
✔️ муолажа вақти 5-10 дақиқадан ошмаслиги;
✔️ небулайзер тозалигига эътибор бериш ва уни ҳар бир қўллашдан сўнг ювиш зарур.

‼️ Унутманг, ингаляциядан ўзбошимчалик билан фойдаланиш кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Киритилди: 12:57 14.10.2025. Ўқилди: 553 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!