Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Болалар омбудсманига мурожаат 47 фоизга ошди

Болалар омбудсманига мурожаат 47 фоизга ошди

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Ахборот хизмати раҳбари Дилноза Юсупованинг маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида болаларга оид мурожаатлар сони сезиларли даражада ошган. Болалар омбудсмани номига 885 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга кўпдир.

Шу муддатда 665 та мурожаат назоратга олинган, 160 таси бошқа идораларга юборилган, 61 та мурожаат ижобий ҳал қилинган. Қолган мурожаатлар такрорий бўлгани боис кўриб чиқилмаган. 20 та мурожаатни эса тўғридан-тўғри вояга етмаганлар йўллаган.

Бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан давлат идораларига 6 та таъсир ҳужжати киритилган. Зўравонлик ҳолатлари бўйича 2 та жиноят иши ва 5 та маъмурий иш қўзғатилган. Шунингдек, болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган 3 нафар педагог интизомий жазога тортилган.

Интернет орқали аниқланган 185 та ҳолат текширилиб, улардан 60 таси зўравонлик билан боғлиқ бўлган. Бу ҳолатлар бўйича қўшимча 16 та жиноят ва 22 та маъмурий иш очилган. Шунингдек, суд ишларида кузатувчи сифатида 20 марта иштирок этилган.

Бола ҳуқуқлари соҳасида норматив-ҳужжатлар такомиллаштирилиб, 21 та ҳужжат лойиҳаси юзасидан таклиф берилган. Шу билан бирга, ЮНИСЕФ ва ЕХҲТ билан ҳамкорликда болаларни ҳимоя қилиш бўйича малака ошириш курслари ва тренинглар ташкил этилган.

Хориждаги оғир ижтимоий вазиятда қолган болаларни Ватанга қайтариш бўйича ҳам фаолият олиб борилган. Жумладан, 5 нафар бола Ўзбекистонга, 1 нафар бола Россияга қайтарилган. Россия ҳудудида қаровсиз қолган 16 нафар бола муваққатча шароитлар билан таъминланиб, кейинчалик юртига қайтарилган.

Киритилди: 17:06 14.07.2025. Ўқилди: 616 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!