Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов Покистон Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашувини муҳокама қилдилар. Покистон ташқи ишлар вазири Ҳиндистон томонидан Покистон ҳудудига яқинда берилган ракета зарбалари, шунингдек, кўрилаётган қарши чоралар ҳақида маълумот берди.
Байрамов Покистон халқини қўллаб-қувватлашини билдирди ва тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келган ҳужумларни қоралади. У яна кескинлашувнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлаб, можаро дипломатик йўллар билан тезроқ ҳал этилишига умид билдирди.
22 апрел куни Ҳиндистоннинг Паҳалгам шаҳрида 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан сўнг минтақадаги вазият янада оғирлашган. Ҳиндистон ҳужумда Покистон томонини айблади.
6 май куни Ҳиндистон кучлари Покистон ҳудудига, жумладан Азад Кашмирдаги ҳудудларга ракета зарбалари берди. Янги Деҳлининг даъво қилишича, тўққизта "террорчилик нишони" урилган. Бироқ Исломободнинг айтишича, зарбалар тинч аҳоли инфратузилмасига урилиб, саккиз киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган, 35 киши яраланган ва икки киши бедарак йўқолган.
Покистон армияси ҳам Ҳиндистоннинг бешта самолётини уриб туширганини даъво қилди. Ҳиндистон буни рад этади.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди “Синдур” операциясини мамлакат учун “ғурурли он” деб атади. Бунга жавобан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон ўз қилмишлари учун жавоб беришига ваъда берди ва жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирди.