Бугун 17 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

BMW ходимларни ишдан бўшатиш учун юз минглаб евро тўлашга тайёр: компенсациялар учун улкан маблағ ажратилмоқда

BMW ходимларни ишдан бўшатиш учун юз минглаб евро тўлашга тайёр: компенсациялар учун улкан маблағ ажратилмоқда

Германиянинг BMW автомобиль концерни бутун дунё бўйлаб 8 мингтагача иш ўрнини қисқартиришни режалаштирмоқда. Қисқартиришларнинг асосий қисми Германияда амалга оширилиши кутилмоқда. Бунинг учун компания ходимларга катта миқдорда компенсация тўлашни назарда тутувчи ихтиёрий ишдан бўшаш дастурини ишга туширди.

BILD нашри маълумотига кўра, 2026 йилда компенсация тўловлари учун 1 миллиард евро ажратиш режалаштирилган. 2027 йилда эса бу харажатлар янада ошиши мумкин.

Тўлов миқдори ходимнинг маоши, ёши ва компаниядаги иш стажига боғлиқ. Нашр маълумотларига кўра, юқори маош оладиган, катта тажрибага эга айрим ходимлар компанияда ишлаган ҳар бир йили учун тахминан 50 минг евродан компенсация олиши мумкин. Масалан, 12 йиллик иш стажига эга ходим 600 минг евро олиши эҳтимолдан холи эмас. Handelsblatt нашрида эса 650 минг евродан ортиқ тўловлар ҳақида ҳам маълумот берилган.

Дастурга қизиқиш шу қадар юқори бўлганки, BMW'нинг ички электрон портали вақтинча юкламани кўтара олмай қолган. Компания аввал келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш учун янги мурожаатларни қабул қилишни тўхтатган. Концерн вакили ходимлар орасида дастурга қизиқиш катта эканини тасдиқлаган, бироқ компенсацияларнинг аниқ миқдорини ошкор қилмаган.

Дастлабки катта харажатларга қарамай, компания раҳбарияти дастур келгусида ўзини оқлашини кутмоқда. BMW 2028 йилдан бошлаб ҳар йили тахминан 1 миллиард евро тежашни режалаштирган.

Қисқартиришларнинг асосий сабаблари сифатида иш самарадорлигини ошириш, сунъий интеллектдан кенгроқ фойдаланиш ва Neue Klasse янги авлод автомобиллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгандан кейин айрим дастурчиларга бўлган эҳтиёжнинг камайиши кўрсатилмоқда.

Киритилди: 21:35 16.10.2026. Ўқилди: 316 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!