Associated Press нашрининг хабар беришича, 8 декабр куни Исроил полицияси Шарқий Қуддусда жойлашган БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигига (UNRWA) тегишли бўш турган бинога куч билан бостириб кирган. Шаҳар ҳокимияти вакиллари полиция билан бирга келган.
"Мажмуага полиция мотоцикллари ва юк машиналари олиб кирилди. Барча алоқа воситалари узиб қўйилди. Мебел, IT ускуналар ва бошқа мол-мулклар мусодара қилинди. Бино тепасидаги БМТ байроғи туширилиб, унинг ўрнига Исроил байроғи илдирилди. Мазкур ҳаракат Исроилнинг БМТга аъзо давлат сифатида ташкилот бинолари дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш мажбуриятларига очиқдан очиқ беписандлик эканини англатади", дейилади UNRWA баёнотида.
UNRWA бош комиссари Флиппи Лаззаранининг сўзларига кўра, Исроил қонунчилиги туфайли жорий йил бошида агентлик ходимлари бу бинони тарк этишга мажбур бўлган. Лекин мазкур мажмуа БМТ объекти мақомини сақлаб қолади ва ҳар қандай аралашувдан холи ҳисобланади.
"Исроил БМТнинг имтиёзлари ва дахлсизлиги тўғрисидаги Конвенцияга аъзо ҳисобланади. Мазкур Конвенцияга кўра, БМТ бинолари дахлсиз, яъни тинтув ёки мусодара ўтказишдан холи, БМТга тегишли мол-мулк ва активлар эса ҳар қандай ҳуқуқий жараёнлардан ҳимояланган. Ҳеч қандай истисно бўлиши мумкин эмас", — деди Лаззарини.
Қуддус шаҳар ҳокимияти бу “кўп маротаба огоҳлантиришлардан кейин амалга оширилган одатий қарз ундириш тадбири” бўлганини билдирди.
"UNRWA'нинг узоқ вақт давомида тўланмаган қарийб 3,4 миллион доллар миқдоридаги мол-мулк солиғи бўйича қарздорлиги бор. UNRWA фаолияти Исроилда тақиқлангач, унинг мажмуаси ҳам солиқлардан озод этилиш мақомини йўқотган", — деди шаҳар маъмурияти вакили.