Бугун 14 сентябрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

БМТда Фаластинга доир муҳим ҳужжат қабул қилинди. Қайси давлатлар қарши овоз бергани маълум

БМТда Фаластинга доир муҳим ҳужжат қабул қилинди. Қайси давлатлар қарши овоз бергани маълум

Кеча, 12 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида Исроил – Фаластин зиддиятини икки давлат тамойили асосида ҳал этиш кўзда тутилган декларация кўпчилик овоз билан қабул қилинди.

Моҳият эътиборига кўра Фаластин давлат тузилишини ёқловчи мазкур ҳужжатни 142 давлат, жумладан, Ўзбекистон қўллаб-қувватлади.

Исроил, АҚШ, Венгрия, Аргентина, Парагвай каби 10 давлат Фаластин давлатчилигига қарши овоз берди.

Албания, Чехия, Камерун, Эфиопия, Молдова сингари давлатлар овоз бермасликни маъқул кўрди.

Франция ва Саудия Арабистони ташаббуси билан муҳокамага қўйилган ҳужжатда Фаластин ҳудудларида Исроил оккупациясига чек қўйиш ва Фаластин давлатини тузиш талаби илгари сурилган.

Декларацияда ҲАМАС ҳаракати қурол-аслаҳани ташлаши ва Ғазо сектори бошқарувидан воз кечиши лозимлиги қайд этилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва зиддиятни икки давлат тамойили асосида адолатли ҳал этиш керак.

Ушбу овоз бериш тадбири БМТ Бош ассамблеясининг 22 сентябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим йиғилиши олдидан ўтказилгани билан аҳамиятлидир.

Шу куни Франция, Буюк Британия, Канада, Бельгия, Австралия каби мамлакатлар Фаластин давлатини тан олиши кутилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил маъмурияти мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич жорий йил август ойида Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди – Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун 3400 дан зиёд уй барпо этиш режасини маъқуллар экан, бу билан Фаластин давлатининг “жанозаси ўқилиши”ни иддао қилган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 11 сентябрь куни Фаластин давлати тузилмаслиги учун қўлидан келган барча чораларни ишга солишини айтган.

АҚШ 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этаётган ва ўн минглаб фаластинлик ўлимига сабаб бўлган урушда Исроилни ҳеч қандай шартларсиз моддий, ҳарбий ва дипломатик тарзда қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Вашингтон Фаластин давлати тузилишига ҳам изчил равишда қарши чиқмоқда. Ўтган йил 18 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзолиги тўғрисида резолюция лойиҳасини ҳам биргина АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда йўққа чиқарганди.

АҚШ давлат департаменти яқинда БМТ Бош ассамблеяси тадбирларида қатнашиши белгиланган Фаластин вакилларининг визасини ҳам бекор қилди. Бу Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бошлиқ 80 га расмийларнинг Фаластин давлати кўплаб мамлакатлар томонидан тан олиниши кутилаётган тадбирларда қатнашиш имконидан маҳрум этилганидан далолат беради.

Киритилди: 15:53 13.09.2025. Ўқилди: 1037 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!