Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

БМТ: Сайёрадаги ўрмонлар иқлим ўзгариши сабабли жиддий хавф остида

БМТ: Сайёрадаги ўрмонлар иқлим ўзгариши сабабли жиддий хавф остида

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европадаги Иқтисодий Комиссияси (YeIK) экспертларига кўра, атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорини камайтиришга ёрдам берадиган асосий табиий тўсиқ — ўрмонларни ҳимоя қилиш бўйича ўнлаб йиллик саъй-ҳаракатлар иқлим инқирозининг тезлашиши сабаб жиддий хавф остида қолмоқда.

Ўрмон ёнғинлари ва қурғоқчиликлар сонининг ошиб бориши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, намликнинг пасайиши ҳамда ҳашаротлар кўпайиши кескин вазиятни келтириб чиқарган.

БМТ маълумотларига кўра, Европа, Шимолий Америка, Кавказ ва Марказий Осиё ҳудудларида жами 1,76 миллиард гектардан ортиқ ўрмон мавжуд бўлиб, бу дунё бўйича ўрмон ресурсларининг 40 фоизидан зиёдини ташкил этади.

Ҳудуддаги умумий ўрмон майдони сўнгги йилларда 60 миллион гектарга ошган бўлса-да (асосан Европа ва Марказий Осиёда), жаҳон миқёсида тескари тенденция кузатилмоқда — ҳар йили тахминан 10,9 миллион гектар ўрмон йўқолиб бормоқда.

2021 йилда ўрмон ёнғинлари 12,6 миллион гектар майдонни йўқ қилган — бу Юнонстон ҳудудига тенг, деди БМТ YeIK вакили Паола Деда. Яна 73 миллион гектар ўрмон ҳашаротлар ва касалликлар таъсирида зарар кўрган.

“Агар бу тенденциялар давом этса, ҳозирги кунда углеродни сингдирувчи асосий манба бўлган ўрмонлар чиқиндилар манбаига айланиши мумкин. Бу эса глобал иқлим мақсадларига жиддий таҳдид солади”, — деди Деда.

1990 йилдан буён биологик хилма-хилликни сақлаш ва тупроқ ҳамда сув ресурсларини муҳофаза қилиш учун ажратилган ҳудудлар икки баравар ошган. Ҳозирда 300 миллион гектардан ортиқ ўрмон қонунан ҳимоя остида бўлиб, бу бутун Италия ҳудудига тенгдир.

Бироқ БМТ таъкидлашича, иқлим ўзгариши таъсири ўрмонларнинг деградациясини тезлаштирмоқда ва йиллар давомида эришилган экологик ютуқларни бекор қилиш хавфини келтириб чиқармоқда.

YeIK бореал ўрмонлар (Арктикани ўраб турган ўрмонлар)нинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Ушбу ўрмонлар Ердаги барча углерод заҳираларининг тахминан 32 фоизини ўз ичига олади. Аммо пермафростнинг эриши ва ҳароратнинг кўтарилиши уларга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бразилиянинг Белен шаҳрида бўлиб ўтадиган COP30 иқлим саммити олдидан БМТ дунё етакчиларини ўрмонларни муҳофаза қилиш, ёнғинларни олдини олиш, ҳашаротларга қарши кураш ва кенг кўламли қайта тиклаш чораларини кучайтиришга чақирди.

БМТ маълумотларига кўра, 1990 йилдан буён дунё бўйича ўрмон углерод захиралари 11 фоизга ошган.

“Дунёдаги энг катта ўрмон мамлакати Бразилия эмас, балки Россиядир,” — деди Паола Деда.
“Иқлим анжумани жанубий яримшарда бўлиб ўтса-да, шимолий ҳудудлардаги ўрмонлар сайёрамиз иқлимини барқарорлаштиришда ҳал қилувчи рол ўйнайди.”

БМТ YeIK ижроий котиби Татяна Молчан қўшимча қилди:

“Сўнгги ўттиз йилда эришилган барча ютуқлар иқлим инқирози туфайли ҳозир жиддий таҳдид остида. Биз сайёрамизнинг энг кучли табиий мудофаа механизмини йўқотиб қўйишимиз мумкин эмас.”

Унинг таъкидлашича, агар чоралар кўрилмаса, дунё ўрмонларига етказилган зарар шунчалик катта бўлиши мумкинки, уларни қайта тиклашнинг иложи қолмайди.

Киритилди: 13:25 06.11.2025. Ўқилди: 1098 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!