БМТнинг маълум қилишича, сўнгги икки кун ичида Ғазо секторида 100 нафардан ортиқ фаластинлик озуқа олишга ҳаракат қилган пайтда ҳалок бўлган, юзлаб кишилар эса яраланган. Улар Исроил томонидан назорат қилинадиган ёрдам тарқатиш нуқталарида овқат топишга уринган пайтда ўққа тутилган.
Бу ҳақда БМТ Бош котиби матбуот котиби ўринбосари Фарҳан Ҳақ Нью-Йоркдаги кундалик матбуот анжуманида маълум қилди.
«Озуқа олиш учун ҳеч ким ўз ҳаётини хавф остига қўймаслиги керак. Фуқаролар қандай шароитда бўлмасин, ҳимояланиши шарт», — деди Ҳақ.
Унинг таъкидлашича, Ғазодаги гуманитар вазият кескин ёмонлашган, ва аҳоли ҳаёт учун зарур озиқ-овқатга етарлича ета олмаяпти. БМТ халқаро ҳамжамиятни фавқулодда чоралар кўришга чақирмоқда.