Исроилнинг Ливандаги турар жой бинолари, кўчирилган аҳоли ва тиббиёт ходимларига қарши ҳаво зарбалари халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан жиддий хавотир уйғотмоқда ва ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси маълум қилди.
Исроил ҳарбийлари Ливан ҳудудига зарбаларни Ҳизбуллоҳ гуруҳи томонидан Исроилга ракета ҳужумлари бошланганидан сўнг амалга оширмоқда. Ушбу гуруҳ Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши айтилган.
Ливан расмийларига кўра, Исроил зарбалари натижасида камида 886 киши ҳалок бўлган, 1 миллиондан ортиқ инсон эса ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
💬 «Исроил авиация зарбалари зич аҳоли яшайдиган ҳудудларда бутун турар жой биноларини йўқ қилмоқда. Кўп ҳолларда бир оиладан бир неча киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлмоқда», — деди Женевада журналистларга БМТ вакили Тамин ал-Хитан.
Исроил ҳарбийлари бу баёнотларга ҳозирча изоҳ бермаган. Аввалроқ эса улар зарбалар Ҳизбуллоҳ инфратузилмасига қарши қаратилганини билдирган эди.