Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жаҳондаги урушлар ва можаролар натижасида ички кўчирилганлар сони мисли кўрилмаган даражада ортишидан огоҳлантирди – 122 миллиондан ортиқ киши.
Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги ҳисоботида кўрсатилган.
Маълумотлар жорий йилнинг апрель ҳолатига кўра тақдим этилган. Ҳисоботда ўсиш Судан, Мяньма ва Украинада давом этаётган кенг кўламли қуролли можаролар, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтата олмаслиги билан изоҳланади.
БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди сўзларига кўра, қочқинлар ва ички кўчирилганлар сонининг кўпайиши қочқинларга ёрдам учун ажратиладиган маблағнинг қисқариши билан ҳам боғлиқ. Комиссарнинг таъкидлашича, молиялаштириш 2015 йил даражасига тушиб кетган, ўшанда дунёдаги кўчирилганлар сони ҳозирги кўрсаткичнинг ярмига тенг эди.
Гуманитар ташкилотлар тинчлик битимларини тузишда сиёсий етакчилик йўқлиги можароларни чўзаётгани ва уларнинг ҳарбий ҳаракатлар оқибатларини бартараф этиш ишларига тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилмоқда.
БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Қўшма Штатлар тарихан энг йирик донор бўлганини, бироқ мамлакат қочқинлар учун ажратиладиган маблағни қисқартириб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйганини таъкидлади. Хусусан, етарли маблағ йўқлиги аёлларни зўрлаш, болаларни эса одам савдоси қурбони бўлиш хавфи остида қолмоқда.