БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ливан жанубидаги тинчликпарвар контингентга қилинган ҳужумни қоралади, натижада бир француз аскари ҳалок бўлди ва уч киши яраланди.
Бу ҳақда БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик баёнотида айтилган.
Баёнотга кўра, Гутерреш Ливандаги БМТнинг вақтинчалик кучларига қилинган ҳужумни қаттиқ қоралади ва барча томонларни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга ва БМТ ходимлари ва мулкининг хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
БМТ тинчликпарвар кучларга қилинган ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши эканлигини ва уруш жиноятига тенг келиши мумкинлигини таъкидлади.
Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Ливан жанубидаги ҳужумда UNIFILда хизмат қилаётган француз аскари ҳалок бўлганини эълон қилган эди. Унинг қўшимча қилишича, яна уч аскар яраланган ва эвакуация қилинган. Макрон мавжуд маълумотларга кўра, Ҳизбуллоҳ ҳужум учун жавобгар бўлиши мумкинлигини айтди ва Ливан расмийларини жиноятчиларни қўлга олиш ва тинчликпарварлик миссияси билан биргаликда тартибни сақлаш чораларини кўришга чақирди.
"Ҳизбуллоҳ" ўз навбатида ҳар қандай алоқадорликни рад этди. Гуруҳнинг Телеграм канали орқали тарқатилган баёнотда Ливан армиясининг тергови тугагунига қадар хулоса чиқаришдан тийилишга чақирилган.