Табиатни асраб-авайлаш, экологик тозаликни таъминлаш – нафақат давлат идораларининг, балки ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бироқ, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам, аввало, қонун доирасида ва белгиланган тартиб-таомилларга қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Бизнес-омбудсман девонига “Н.З” МЧЖдан келиб тушган мурожаат асосида тадбиркорлик субъектида ўтказилган текширувнинг қонунийлиги ўрганилди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Миробод туман бўлими бош мутахассиси тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишнинг белгиланган тартибини бузган. Хусусан, текширувни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказмасдан ва қонунга хилоф равишда ўтказиш ташаббуси билан чиққан.
Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга оширилган. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг қарорига кўра, масъул ходим Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 241-2-моддаси (Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш) билан айбдор деб топилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, экологик назорат тизими тадбиркорлар учун тўсиқ эмас, балки адолатли кўмакчи бўлиши керак. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текширув "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олиниши шарт. Рўйхатга олинмаган ҳар қандай текширув – бу нафақат тартиббузарлик, балки қонун устуворлигига нисбатан ҳурмацизликдир.